Нега америкалик автокомпаниялар йирик батареялар ишлаб чиқармоқчи?
The NYT хабар беришича, америкалик автомобил ишлаб чиқарувчилар электромобиллар бўйича режаларини қисқартирган бўлса-да, уларнинг айримлари қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришга хизмат қиладиган технологияларга эътибор қарата бошлади.
Бу ўзгаришлар фонида Ford компанияси электромобиллар стратегиясини қайта кўриб чиқиши натижасида 19,5 миллиард доллар миқдорида зарар қайд этди. Tesla эса электромобиллар бўйича дунёдаги энг йирик сотувчи мақомини йўқотди, ички ва Европа бозоридаги сотувлари пасайди.
Электромобиллар бозори ўсиш суръатининг секинлашиши АҚШда шаклланаётган аккумулятор саноати учун ҳам муаммолар туғдирди. Шу боис айрим компаниялар янги бизнес йўналишини кўриб чиқмоқда. Бу йўналиш энергия тизимини қайта тикланувчи манбалар билан таъминлашда муҳим роль ўйнаши мумкин. Бироқ бунда Хитой ишлаб чиқарувчилари билан нарх бўйича рақобат қилиш талаб этилади.
Ford автомобиль батареялари ишлаб чиқариш линияларини қайта жиҳозлаб, дата-марказлар ва энергетика компаниялари учун катта ҳажмли батареялар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Tesla ҳам ушбу сегментни кенгайтирмоқда.
Ҳозир АҚШда ишлаб чиқарилаётган электромобил батареялари ҳажми автокомпаниялар эҳтиёжидан ортиқ бўлиб қолди. Шу боис заводлар бошқа маҳсулот турига ўтиш имкониятларини изламоқда.
Wood Mackenzie компанияси вакили Эллисон Вайс таъкидлашича, электромобилларга талаб паст бўлган шароитда заводларни тўхтатиб қўйгандан кўра, бу вариант мантиқан тўғри ечим ҳисобланади.
2024 йил декабрида Ford мавжуд аккумулятор заводларини тармоқ батареялари ишлаб чиқаришга мослаштириш режасини эълон қилди.
Tesla учун энергия сақлаш тизимлари аллақачон муҳим бизнес йўналишига айланган. Tesla Хьюстондаги янги заводида жорий йилдан бошлаб йирик батареялар ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда.
Wood Mackenzie маълумотларига кўра, 2030 йилга келиб АҚШда йирик тармоқ батареяларига бўлган талаб ўтган йилги маҳаллий ишлаб чиқариш ҳажмидан олти бараварга ошиши мумкин.
Бироқ асосий савол шунда: Ford ва Tesla каби компаниялар Хитой ва Жанубий Корея ишлаб чиқарувчилари билан рақобатлаша оладими? Масалан, LG Energy Solution Мичиганда аллақачон тармоқ батареялари ишлаб чиқармоқда.
