Туркиядаги қотиллик ишида иккинчи қурбон борлиги аниқланди
Аввалроқ Истанбулда чиқинди қутисидан ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг бошсиз жасади топилгани, унинг хонадоши эса ўша кундан бери бедарак йўқолгани ҳақида хабар берилган эди. Кейинчалик ушбу иш юзасидан янги ва даҳшатли тафсилотлар очиқланди — марҳуманинг дугонаси ҳам ўлдирилиб, жасади бўлакларга ажратилгани маълум бўлди.
Жорий йил январ ойида Туркияда ўзбекистонлик аёлнинг ваҳшийларча ўлдирилиши жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган эди.
Қотиллик 24 январ куни Истанбул шаҳрида содир этилган. Шишли тумани Ферикўй маҳалласидаги чиқинди контейнерида топилган бошсиз тана кейинчалик 37 ёшли Ўзбекистон фуқароси Дурдона Ҳакимовага тегишли экани аниқланди.
Тергов давомида ҳуқуқ-тартибот идоралари яна бир қурбон борлигини маълум қилди. Умрание туманидаги хонадонлардан бирида яна бир аёл ўлдирилгани аниқланган. У Дурдона Ҳакимова билан бирга яшаб келган 32 ёшли Сайёра Эргашалиева бўлиб, 23 январдан буён бедарак йўқолган сифатида қидирувда бўлган.
Терговчилар тахминига кўра, биринчи бўлиб айнан Сайёра Эргашалиева ўлдирилган бўлиши мумкин, шундан сўнг иккинчи жиноят содир этилган.
Полиция гумонланувчилар яшаган уй атрофидаги кузатув камералари ёзувларини ўрганди. Видео тасвирларда турли кунларда қора пакетлар уйдан олиб чиқилгани, шунингдек оқ чамадон чиқинди контейнерига ташлаб кетилгани акс этган.
