Андижонда одамларни ҳаётини барбод қилиш билан «соққа» қилаётган фуқаро қўлга тушди
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент ва Андижон вилоятлари бўйича бошқармалари ҳамда Тошкент вилояти Божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган кенг кўламли тезкор тадбир давомида йирик нарколаборатория фош этилди.
Тезкор органлар томонидан «Telegram» мессенжеридаги наркодўкон кураторлари томонидан қолдирилган синтетик моддалар тайёрлаш учун мўлжалланган прекурсорлар аниқланиб, кузатувга олинди.
Ушбу кимёвий моддаларни олиш учун келган вақтида Андижон шаҳрида яшовчи, 2002 йилда туғилган икки нафар фуқаро қўлга олинди. Суриштирув давомида улар Андижон шаҳрининг «Боғишамол» маҳалласидаги дала ҳовлида махсус нарколаборатория ташкил этганликлари маълум бўлди.
Мазкур манзилдан қора бозордаги умумий қиймати тахминан 1 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 26 кг «Мефедрон» синтетик наркотик моддаси, кўп миқдордаги прекурсорлар, кимёвий воситалар ҳамда замонавий лаборатория жиҳозлари ашёвий далил сифатида олинди. Аниқланишича, гумонланувчилардан бири ушбу ҳовлини интернетдаги куратори томонидан юборилган 15,8 минг доллар эвазига сотиб олиб, уни жиҳозлаш учун яна 5 минг доллар сарфлаган.
Шунингдек, улар январь ойида 11,7 кг «Мефедрон» тайёрлаб, белгиланган манзилга яшириб кетганликларини ҳам тан олишган. Тадбирнинг давоми сифатида, Чирчиқ шаҳридаги ижарага олинган омборхонадан яна 400 литр прекурсорлар топилди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
