Туркияга фоҳишаликка кетаётган икки нафар аёл ушланди
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор-профилактик тадбирлар давомида одам савдоси билан боғлиқ жиноят ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати маълум қилди.
Хусусан, Самарқанд халқаро аэропорти ҳудудида Туркияга жинсий эксплуатация мақсадида кетаётган 22 ва 36 ёшли, Тошкент вилоятида яшовчи аёллар тўхтатиб қолинган.
Маълум қилинишича, уларнинг сафар харажатлари ҳозирда Туркияда бўлиб турган 41 ёшли Ўзбекистон фуқароси томонидан молиялаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
