АҚШ Украинaга 15 йиллик хавфсизлик кафолатларини таклиф қилмоқда
Киев эса камида 30 йиллик муддатни истамоқда.
Бу ҳақда Украина президенти Мюнхен хавфсизлик конференцияси доирасида журналистлар билан мулоқот чоғида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Украина барча ҳамкорлар билан хавфсизлик кафолатлари устида иш олиб бормоқда.
«Умуман олганда, лойиҳа бўйича яқинлашдик. Бугун сенаторлар билан учрашдик. Кафолатлар йиллар бўйича узоқроқ бўлишини, инвесторлар учун таъсирчанроқ бўлишини исташимизни айтдик. Улар учун беш-ўн йилдан кўпроқ муддатли кафолатлар зарур. Ҳозирча Америка томонидан 15 йиллик таклиф бор, биз эса 20 йилдан ортиқ — 30–50 йиллик муддатни истаймиз. Қандай қарор қабул қилиниши маъмурият ва Конгрессга боғлиқ», — деди Зеленский.
