Бозорда маҳаллий автомобиллар хорижда ишлаб чиқарилганларидан кўпроқ сотиляпти

Бозорда маҳаллий автомобиллар хорижда ишлаб чиқарилганларидан кўпроқ сотиляпти

2026 йил январида Ўзбекистонда маҳаллий ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган янги енгил автомобиллар савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга ошиб, 28,6 минг донани ташкил этди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан тақдим этилган таҳлилда маълум қилинишича , ҳисоботда бозор сегментларидаги ўзгаришлар, жумладан электромобиллар динамикаси ҳам қамраб олинган.

Ҳудудлар кесимида энг юқори фаоллик Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида қайд этилди. Аксинча, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида ҳамда Тошкент шаҳрида янги енгил автомобиллар савдоси пасайган. Бу ҳудудий тафовутлар ички талаб ва таклифдаги ўзгаришлар билан изоҳланмоқда.

Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида савдолар 11 фоиздан ортиқ ўсиб, 24 минг донадан зиёдни ташкил этди. Шу билан бирга, хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар реализацияси қарийб 4,4 минг дона бўлиб, ўтган йилнинг январига нисбатан 10 фоизга камайди. Бу эса ички ишлаб чиқарувчиларнинг бозордаги улуши ошаётганини кўрсатади.

Электромобиллар бозори ўсишнинг асосий драйверига айланди. Январ ойида уларнинг савдоси 9 фоизга ошиб, 6,1 минг донага етди. Пойтахт ҳиссаси 3,7 минг дона билан умумий ҳажмнинг 62 фоизидан ортиғини ташкил этди. Бирламчи бозорда эса электромобиллар савдоси рекорд даражада — 45,3 фоизга ошиб, 4,7 минг донани ташкил қилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: