Telegram’га икки томонлама ҳимоя қўймаган аккаунт — фирибгарлар учун тайёр очиқ эшик!
Telegram мессенжери мисолида айтиш мумкинки, фирибгарлар қўнғироқ қилиб “кодни айтинг” демайдиган давр бошланди. Эндиликда улар кодни ўзлари олишга уринишяпти ва бунинг жуда кўп йўлларини ўйлаб топишмоқда. Кўп ҳолатларда айнан шу босқичда муаммо юзага келмоқда, аккаунт назоратдан чиқмоқда.
Нима қилиш керак?
Telegram’да икки томонлама ҳимоя ёқиб, мураккаб ва эсдан чиқмайдиган парол ўрнатиш хавфсизликни бир неча баробарга оширади. Албатта, бу ҳам аккаунтни 100% ҳимоялайди, деб ҳеч ким кафолат бермайди, аммо хавфни кескин камайтиради.
Telegram аккаунтга кириш учун келадиган код — калит. Кўпчилик бу босқичда осон “таслим” бўляпти. Агар бу “калит” бошқаларнинг қўлига тушган тақдирда ҳам, икки томонлама ҳимоядан осонликча ўтиб кетиб бўлмайди. Икки томонлама ҳимоя — бу уйдаги сейф кабидир.
Қисқача айтганда, нафақат Telegram мессенжерида, балки Instagram, Facebook каби бошқа ижтимоий тармоқларда ҳам ҳар эҳтимолга қарши икки томонлама ҳимояни ёқиб қўйиш ҳеч қачон зарар қилмайди. Нари борса бир неча дақиқа вақт кетади. Ҳимоя ошади, хавф камаяди
Икки томонлама ҳимоя ёқилди. Кейин-чи?
Паролни инсон ўзининг хотирасидан бошқа жойда сақламаслиги лозим. Фаол сеансларни текшириб туриш, телефонга турли иловаларни ўрнатмаслик, ҳар хил линкларга босмаслик ҳар доим муҳим.
