Намозда Фотиҳа сурасини шошиб ўқиманг. Бунинг сабаби нимада эканига бир қаранг!.. (сайтда)
Аксар одамлар намозда сураи Фотиҳани (“Алҳамду”ни) худди ортларидан бўри қуваётгандек шошиб ўқишади, маъноларига ҳам эътибор қилишмайди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам дейдилар: “Аллоҳ таоло: «Намозни Ўзим билан бандам орасида иккига бўлганман, бандам нимани сўраса, бераман».
Агар у (банда): «Алҳамду лиллаҳи роббил ъаламин», – деса,
Аллоҳ: «Бандам менга ҳамд – шукр айтди», – дейди.
Банда: «Ар-Роҳманир Роҳийм», – деса,
Аллоҳ: «Бандам менга сано – мақтов айтди», – дейди.
Банда: «Малики явмиддин», – деса,
Аллоҳ: «Бандам мени улуғлади», – дейди.
Банда: «Ийяака наъбуду ва ийяака настаъийн», – деса,
Аллоҳ: «Бу мен билан бандам орасидаги нарса, бандам нимани сўраса, бераман», – дейди.
Агар банда: «Иҳдинас сиротол мустақим, сиротоллазийна анъамта аълайҳим ғойрил мағдуби алайҳим валад дооллийн», – деса,
Аллоҳ: «Бу бандамга хос, сўраганини бердим», – дейди.
Изоҳ: (Ҳадиси қудсий – оят билан ҳадис ўртасидаги мартабага эга ривоятдир. Унинг маъноси ва лафзи Аллоҳ тарафидан бўлади, лекин ожиз қолдириш, мўъжизалик хусусияти йўқ).
Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
1. Алҳамдулиллаҳи роббил ъаламийн.
2. Ар-роҳманир роҳийм.
3. Малики явмиддин.
4. Иййака наъбуду ва иййака настаъийн.
5. Иҳдинас сиротал мустақим.
6-7. Сиротоллазийна анъамта ъалайҳим ғойрил мағзуби ълайҳим валлаззоллийн.
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳнинг номи ила бошлайман.
1. Ҳамд оламларнинг Робби – Аллоҳгадир.
2. У Роҳман ва Роҳиймдир.
3. Жазо-мукофот кунининг эгасидир.
4. Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз.
5. Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин.
6-7. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига. Ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас.
