Антониу Гутерриш Рамазон ойи муносабати билан баёнот берди
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш муқаддас Рамазон ойи кириб келиши муносабати билан бутун дунё аҳлига мурожаат қилди. БМТ матбуот хизмати тарқатган хабарда ташкилот раҳбари Рамазонни тинчликка интилиш ва инсонлар ўртасида меҳр-оқибатни кучайтириш учун алоҳида аҳамиятли давр сифатида таъкидлаган.
Гутерришнинг қайд этишича, ҳозир ҳам кўплаб минтақаларда одамлар оғир синовларни бошдан кечиряпти. У Афғонистондан тортиб Ямангача, Ғазодан тортиб Судангача бўлган ҳудудлар ва бошқа жойларда можаролар, очлик, мажбурий кўчишлар, камситиш (дискриминация) каби муаммолар инсонларнинг ҳаётини оғирлаштираётганини эслатган.
БМТ раҳбари халқаро жамоатчиликни Рамазоннинг асосий ғоясига қайта-қайта эътибор қаратишга чорлади: зиддиятларни енгишга ҳаракат қилиш, азоб-уқубат кўраётганларга амалий ёрдам бериш, ҳар бир инсоннинг ҳуқуқи ва қадри-қимматини ҳимоя қилиш. Унинг мазмуни шунда — бу ой фақат тақвимдаги сана эмас, балки бир-бирини тушуниш ва меҳр кўрсатиш учун имконият.
Шунингдек, Гутерриш ҳар йили Рамазон муносабати билан мусулмон оилалардан бирига меҳмон бўлиб, улар билан бирга ифторлик қилиш анъанаси борлигини ҳам айтган. У бу учрашувлардан ҳар сафар Рамазоннинг тинчлик ва раҳмдиллик руҳидан илҳомланиб қайтишини таъкидлаган.
«Ҳар йили мен Рамазоннинг тинчлик ва раҳмдиллик ғоясидан илҳомланган ҳолда қайтаман», — деди у.
