Max мессенжери Путиннинг оиласига тегишлилиги айтилди
Россияда мажбурий тарзда фойдаланишга жорий этилаётган Max мессенжери Путиннинг оиласига тегишли шахсий актив ҳисобланади — журналистик суриштирув.
Журналист Андрей Захаров ўтказган суриштирув натижасида маълум бўлишича, Россия фуқаролари орасида WhatsApp ва Telegram’га муқобил сифатида фаол тарғиб қилинаётган Max иловаси, мамлакат президенти Владимир Путиннинг оиласига тегишли шахсий актив ҳисобланади.
Max мессенжери VK ҳолдингига тегишли бўлиб, унинг асосий акциядорларидан бири “Согаз” суғурта компанияси ҳисобланади. Ўз навбатида, «Согаз»даги улушни Санкт-Петербургдаги “Акцепт” фирмаси орқали Путиннинг амакиваччаси Миxаил Шеломов назорат қилади. 2024 йилги молиявий ҳисоботга кўра, Шеломовнинг VK’даги акциялари сақлаб қолинган.
Миxаил Шеломов 2000 йилларнинг бошида фотограф сифатида ишлаган, лекин Владимир Путин ҳокимиятга келиши билан у кўплаб миллиардлаб активлар, жумладан, “Россия” банки ва “Согаз” акцияларига эга бўлиб қолган.
