Эрзурум 6–8 март кунлари ФИС Сноуборд Жаҳон кубогига мезбонлик қилади
Туркия йил давомида ўтказиладиган халқаро спорт тадбирлари орқали спорт туризмида етакчилик мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда. Эрзурум эса 2026 йилги мавсумнинг энг муҳим воқеаси — ФИС Сноуборд бўйича Жаҳон кубоги мусобақасига мезбонлик қилишга пухта ҳозирлик кўрмоқда.
Эрзурумнинг Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан 2025 йилнинг Туризм пойтахти деб эълон қилиниши ҳамда АCEС (Европа спорт пойтахтлари ва шаҳарлари федерацияси) томонидан илк Европа қишки спорт пойтахти сифатида тан олиниши шаҳар нуфузини халқаро майдонда сезиларли даражада оширди.
Сноубордчилар Онадўли чўққисида жам бўлади
ФИС Сноуборд Кросс бўйича Жаҳон кубоги 2026 йил 6-8 март кунлари Эрзурумдаги Паландўкен чанғи марказида бўлиб ўтади. Мусобақада 20 мамлакатдан қарийб 300 нафар спортчи иштирок этади. Адреналинга бой ушбу мусобақа уч кун давом этади.
Паландўкен узун чанғи йўлаклари, замонавий инфратузилмаси ва сифатли қор қоплами билан ажралиб туради. У нафақат халқаро спорт мусобақалари, балки қишки мавсумга ўзгача шукуҳ бағишлайдиган ранг-баранг тадбирлари билан ҳам эътибор марказида. 2020 йилдан буён узлуксиз ўтказиб келинаётган Фрозен фестивали 2026 йил 12–15 феврал кунлари еттинчи бор айнан шу масканда ташкил этилди. Қишки манзара, мусиқа ва кўнгилочар дастурлар уйғунлиги марказни яна бир бор ҳақиқий қишки байрам масканига айлантиради.
Эрзурум эса йил давомида ўзининг бой маданий мероси ва бетакрор табиати билан сайёҳларни жалб этади. Шаҳарда диққатга сазовор манзиллар талайгина. Хусусан, Туркиянинг энг мафтункор шаршараларидан бири бўлган Тортум табиатнинг қудратини яққол намоён этади.
Нарман пери бажаларининг ажабтовур шакллари ва Испирдаги Еди кўлларнинг мусаффо манзаралари эса кишини ҳайратга солади. Тарих ихлосмандлари учун Улу жоме масжиди, Икки минорали мадраса, Якутие мадрасаси ҳамда Уч Кумбет каби обидалар шаҳар ўтмишининг ёрқин саҳифаларини очиб беради. Эрзурумнинг кенг ва салобатли панорамасини Азизие ва Межидие буржларидан томоша қилишнинг завқи бўлак.
