Қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини савдога чиқарилишининг олди олинди
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қарши шаҳри бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “B.G.” МЧЖ раҳбари И.Н. “Ерқўрғон деҳқон бозори” ҳудудидаги савдо дўконида умумий баҳоси 56 млн сўмлик 15 турдаги 1 174 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, Департаментнинг Китоб тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда “S.K.” МЧЖ бошқарувчиси Ш.Н. савдо дўконларида 1 079 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини савдога қўйганлиги аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш), 186-моддаси (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
