Инфантино ва Трамп Ғазо секторида футболни тиклаш учун 75 миллион доллар ажратади
ФИФА президенти Жанни Инфантино ва АҚШ президенти Дональд Трамп Ғазо секторида футбол инфратузилмасини қайта тиклаш лойиҳалари учун 75 миллион доллар маблағ йўналтиришга қаратилган йирик шериклик бошланганини эълон қилишди. Бу ҳақда The Athletic нашри хабар бермоқда.
Ушбу ташаббус футболдан минтақани тиклаш воситаси сифатида фойдаланишни назарда тутади. Дастур нафақат спорт объектлари қурилишини молиявий қўллаб-қувватлашни, балки маҳаллий аҳолига ёрдам бериш учун дунё футбол юлдузларини можаро ҳудудига юборишни ҳам ўз ичига олади.
Бу ҳақда Трамп маъмурияти томонидан глобал можароларни ҳал қилиш учун ташкил этилган янги дипломатик орган — «Тинчлик кенгаши»нинг биринчи йиғилишида маълум бўлди. Режага кўра, дунё футбол афсоналари ёшларни руҳлантириш ва минтақанинг гуманитар эҳтиёжларига эътибор қаратиш мақсадида дипломатик миссия билан Ғазога ташриф буюришади. Ушбу ташрифлар нафақат футбол маданиятини тиклашга, балки маҳаллий аҳолининг турмуш шароитини яхшилашга ҳам хизмат қилиши кутилмоқда.
