Диққат! Ҳафта ўртасида мамлакатимизда ҳарорат пасайиши кутилмоқда
Ўзбекистонда ҳафта илиқ ва қуруқ об-ҳаво билан бошланади. Сешанбадан ҳудудларда ёғингарчилик кузатилади. Ҳарорат +8…+11 даражагача пасайиши, айрим жойларда шамол тезлиги 20−25 м/с гача кучайиб, чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда.
Ўзбекистонда ҳафта ўртасида ёмғир ёғиб, ҳарорат пасайиши кутилмоқда, дея хабар берди Ўзгидромет.
Душанба кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида қуруқ ва нисбатан илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Куннинг ўртасига келиб, ҳаво +13…+18 даражагача, жанубда +20…+23 даражагача исийди.
Фақат Қорақалпоғистон Республикасида куннинг иккинчи ярмида баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Ҳаво ҳарорати +2…+7 даража атрофида бўлади. Хоразм вилоятининг айрим жойларида бироз ёмғир ёғиши мумкин.
Сешанба куни Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида баъзи жойларда ёмғир ёғади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат фони деярли ўзгармайди.
Чоршанба куни шимоли-ғарбий ҳудудларда ва чўл ҳудудларда ва 26 февралда республиканинг аксарият вилоятларида ёмғир ёғади, шимолда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Ҳаво ҳарорати 26 февралда +8…+11 даражагача, шимолда −2…+3 даражагача пасаяди.
Жума куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат Фарғона водийси вилоятларида кечаси баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 2−3 даражага кўтарилади.
Ўзбекистоннинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 24−26 февраль кунлари вақти-вақти билан ёғингарчилик (ёмғир, қор), 26 февралда айрим жойларда кучли бўлади. Шамол 7−12 м/с тезликда эсади, республика бўйича баъзи жойларда 13−18 м/с гача кучаяди, 25−26 февралда айрим жойларда баъзида 20−25 м/с гача кучайиши, 25 февралда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Тошкентда душанб кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +14…+16 даража бўлади. Сешанба куннинг иккинчи ярмида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат кечаси +4…+6 даража, кундузи +14…+16 даража бўлади.
Чоршанба куни ёғингарчилик кутилмайди, фақат кечқурун ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат кечаси +7…+9 даража, кундузи +16…+18 даража бўлади.
26 февралда вақти-вақти билан ёмғир ёғади. Ҳарорат кечаси +5…+7 даража, кундузи +10…+12 даража бўлади. 27 февралда ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кечаси +3…+6 даража, кундузи +12…+15 даража бўлади.
Шамол ўзгарувчан йўналишда 3−8 м/с тезликда эсади, 25−26 феврал кунлари 10−12 м/с гача кучайиши мумкин.
