Илон Маск ва Жефф Безос Ўзбекистонга таклиф этилади

Илон Маск ва Жефф Безос Ўзбекистонга таклиф этилади

Тесла ва Space X асосчиси Илон Маск, шунингдек, Амазон асосчиси ва Блуэ Оригин аэрокосмик компанияси эгаси Жефф Безос Ўзбекистонга таклиф қилинади. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (“Ўзбеккосмос”) директори ўринбосари Муҳиддин Ибрагимов Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервюсида маълум қилди.

2028 йилда Самарқандда космос бўйича халқаро конгресс ўтказиш режалаштирилган. “Ўзбеккосмос” раҳбари ўринбосари буни тарихий ғалаба деб атади. Унинг сўзларига кўра, Халқаро астронавтика федератсияси Ўзбекистонни қисқа муддатда эришилган ютуқлар, улкан мақсадлар ва космик ҳамжамиятдаги яхши обрўси туфайли танлаган.

У конгресснинг ўзини ўтказишни “катта челленж” дея баҳолади, чунки тадбирга 10 мингдан зиёд киши ташриф буюриши кутилмоқда. Конгрессни муваффақиятли ўтказиш учун “Ўзбеккосмос” келгуси икки йил давомида космик ҳамжамият билан фаол ишлаш ниятида.

Журналистнинг Илон Маск Самарқанддаги конгрессга келадими, деган саволига Муҳиддин Ибрагимов “ҳаракат қиламиз”, деб жавоб берди.

“Федератсия раҳбари ҳам бир қизиқ гап айтганди, конгресс жаноб Маскнинг ташрифига сабаб бўлиши мумкин, деб ҳазил қилганди. Ҳаммага таклифномалар жўнатамиз. Нафақат жаноб Маск, балки жаноб Безос, шунингдек, дунёда космонавтика соҳасидаги бошқа ёрқин шахслар ҳам бор. Биз уларнинг барчасини таклиф қиламиз”, — деди “Ўзбеккосмос” раҳбари ўринбосари.

2025-йилнинг октабр ойида Австралиянинг Сидней шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро астронавтика конгрессида минглаб халқаро экспертларнинг якдил қарори билан 2028-йилги конгрессга Самарқанд мезбонлик қилиши белгилаб олинди.

Таъкидланишича, Сиднейдаги конгресс Австралия иқтисодиётига қарийб $27 млн келтирган. Самарқанддаги конгресс Ўзбекистонга 10 мингдан ортиқ халқаро меҳмонни жалб қилиши ҳамда халқаро кўргазмалар орқали туризм, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик соҳаларида катта иқтисодий самара бериши кутилмоқда.

Президент ҳузурида яқинда ўтказилган йиғилишда АҚШ, Европа, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва бошқа мамлакатларнинг етакчи космик ташкилотлари Самарқанд конгрессида иштирок этишга қизиқиш билдираётгани қайд этилди.

Аввалроқ президентга Ерни масофадан зондлаш сунъий йўлдошининг моделлари тақдим этилгани ҳақида хабар берилганди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: