Моди ва Нетаньяху учрашуви: Исроилга сафар режалаштирилди
Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 25 февраль куни Исроилга ташриф буюради. Бу ҳақда кеча, 22 февраль “The Times of Israel” нашри хабар берди.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг айтишича, Моди ташриф давомида Исроил парламенти – Кнессетда нутқ сўзлайди. Исроил раҳбари икки давлат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаган.
Унинг сўзларига кўра, томонлар иқтисодиёт, дипломатия ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Нетаньяху Исроил ва Ҳиндистон умумий “радикал” таҳдидларга қарши курашишда ҳамкорликни кучайтиришини ҳам қайд этган.
Нарендра Моди ҳам ташриф арафасида баёнот бериб, музокараларни интиқлик билан кутаётганини билдирган. У Ҳиндистон Исроил билан ишонч, тинчлик ва тараққиётга асосланган дўстликни қадрлашини маълум қилган.
Маълумот учун, Моди 2017 йилда Исроилга ташриф буюрган, 2018 йилда эса Нетаньяху Ҳиндистонга жавоб ташрифи билан борган.
