Эл Менчо, энг йирик ва таъсирли жиноий тузилмасини бошқарибсан-у, бир ойимчага чув тушибсан-да лекин! Ўзингни бошингни ўзинг ебсан!
Мексика мудофаа вазирлиги CJNG раҳбари Эл Менчони унинг яқин жазман аёли орқали кузатиб, махсус операция давомида йўқ қилганини маълум қилди.
Мексика ҳокимияти мамлакатдаги энг йирик ва таъсирли жиноий тузилмалардан бири — «Халиско янги авлоди» картели раҳбари Эл Менчонинг жойлашувини унинг яқин хуштори орқали аниқлаганини билдирди. Миллий мудофаа вазири Рикардо Тревиля Трехо бу ҳақда «El Debate» нашрига маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, операция разведка маълумотлари ва қўшма кузатув натижалари асосида амалга оширилган.
АҚШда Эл Менчо ҳақида маълумот берган шахсга 15 млн доллар миқдорида мукофот эълон қилинган эди. У 2020 йилдан буён АҚШ Наркотикларга қарши кураш бошқармасининг энг қидирилаётган жиноятчилари рўйхатида бўлган. Вазирнинг айтишича, ҳокимият Эл Менчога яқин доира ва унинг шериклари орқали маълумот тўплаган. 20 феврал куни унинг ҳамкорларидан бири жойлашган манзил аниқланган. Кейинги куни севгилиси бинодан чиқиб кетган, аммо наркобарон қўриқчилари билан ўша жойда қолган.
Шундан сўнг махсус операцияга тайёргарлик бошланган. 22 феврал куни ўтказилган амалиёт давомида Мексика махсус кучлари жиноий гуруҳ аъзолари қаршилигига дуч келган. Отишмада тўрт нафар жиноятчи воқеа жойидаёқ ўлдирилган, яна уч киши оғир яраланган. Эл Менчо транспортировка пайтида ҳалок бўлгани маълум қилинди.
АҚШ ҳукумати Эл Менчо ҳақида ишончли маълумот учун $15 млн мукофот ваъда қилган эди. У CJNG картелининг раҳбари сифатида халқаро наркотик савдоси ва зўравонликлар билан боғлиқ фаолияти туфайли қидирувда бўлган. Мексика расмийлари операцияни қўшма разведка ҳамкорлигининг натижаси сифатида баҳоламоқда. Мутахассислар фикрича, бу мамлакатдаги уюшган жиноятчиликка қарши курашда муҳим босқич ҳисобланади, бироқ картел тармоқларининг бутунлай йўқ қилиниши ҳали ҳам мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда.
Қайд этиб ўтиш керак, наркокартел раҳбари ўлдирилгач, Мексиканинг ўндан ортиқ ҳудудларида ҳукумат кучлари ва жиноий тўдалар ўртасида қуролли қаршиликлар вуждудга келган.
