Таиландда қаҳва энди икки баробар камроқ ширин бўлади

Таиландда қаҳва энди икки баробар камроқ ширин бўлади

Таиланд ҳукумати аҳоли саломатлигини асраш учун шакар истеъмолини қисқартириш кампаниясини янада кучайтирмоқда. «The Guardian» хабарига кўра, февраль ойида мамлакатдаги тўққизта йирик қаҳвахона тармоғи ичимликлар ширинлигини камида икки баробарга туширишга розилик берган.

Гап шундаки, Таиланд аҳолиси кунига ўртача 21 чой қошиқ шакар истеъмол қилади. Бу эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қиладиган меъёр — кунлик 6 чой қошиқдан анча юқори. Асосий “айбдор” эса ширин ичимликлар: музли тай чойидан тортиб, тапиокали сутли чойлар ва турли “милк” ичимликларигача.

Солиқ бор, лекин ҳамма жойга эмас

Таиландда 2017 йилдан бери қадоқланган ичимликларга шакар солиғи босқичма-босқич жорий этилган. Охирги босқич 2025 йилда амалга оширилиб, айнан қадоқланган ичимликлар сегментига қаратилган.

Натижа ҳам кўринган: кўплаб ишлаб чиқарувчилар юқори солиқдан қочиш учун рецептни ўзгартириб, шакар миқдорини пасайтирган. Лекин кўча сотувчилари ва кафеларда “жойида” тайёрланадиган янги ичимликларга бу солиқ татбиқ этилмаган. Мутахассислар эса айнан шу сегмент шакар истеъмолининг катта манбаи бўлиб қолаётганини, уни назорат қилиш эса жуда мураккаблигини таъкидлаяпти.

Янги қоида нима беради

Сўнгги ташаббус энг йирик кафе тармоқларини қамраб олмоқда. Айрим дўконлар ҳозирнинг ўзида мижозларга ширинлик даражасини танлаш имконини беряпти: 0%, 25%, 50%, 75% ва 100%.

Янги тартибга кўра эса баъзи ичимликлардаги “100% ширинлик” олдинги “100%”га қараганда икки баробар кам бўлади. Яъни номида 100% турса ҳам, таъми аввалгидек “шакар бомбаси” бўлмайди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: