Тарихда илк бора жаҳон чемпионатига чиққан эдик-а! Миллий жамоамизнинг ЖЧдаги ўйини белгиланган жойда ўтказилмаслиги ҳам мумкин экан!
Мексикада наркокартел раҳбарининг ўлимидан сўнг бошланган қонли тартибсизликлар FIFAнинг жиддий хавотирига сабаб бўлди. Мамлакатдаги беқарор вазият туфайли нафақат ички чемпионат ўйинлари қолдирилмоқда, балки халқаро турнирлар ҳам хавф остида қолган.
The Touchline нашрининг хабар беришича, FIFA март ойи охирида Мексикада ўтиши режалаштирилган қитъалараро плей-офф турнири мезбонлигини ўзгартиришни кўриб чиқмоқда. Мазкур мини-турнирда ЖЧ—2026 нинг сўнгги икки йўлланмаси учун Ироқ, Конго ДР, Ямайка, Суринам, Боливия ва Янги Каледония терма жамоалари ўзаро баҳс олиб бориши керак. Мексиканинг саккизта штатида йўлларни тўсиш ва ҳарбийларга ҳужум қилиш ҳолатлари давом этаётгани сабабли, FIFA бу жамоалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ўйинларни бошқа давлатга кўчиришга мажбур бўлиши мумкин.
Ҳозирча тартибсизликлар туфайли Мексика ички чемпионатининг тўртта ўйини, жумладан, “Керетаро” — “Хуарес” ҳамда “Гвадалахара” — “Америка” жамоалари ўртасидаги баҳслар тўхтатилган. Айни пайтда мамлакатнинг саккизта штатида йўлларни тўсиш, автомобильларга ўт қўйиш ва ҳарбийларга ҳужум қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.
Мазкур воқеалар Ўзбекистон терма жамоасининг режаларига ҳам таъсир қилиши мумкин. Каннаваро жамоаси ўз тарихидаги илк Жаҳон чемпионати учрашувини 2026-йилнинг 17 июнь куни айнан Мексика пойтахтидаги “Астека” стадионида ўтказиши белгиланган. Ҳозирча турнир мезбонлиги (АҚШ, Канада ва Мексика) масаласида ўзгаришлар йўқ, бироқ халқаро ташкилотлар вазиятни синчковлик билан кузатмоқда.
