Москвадаги портлашдан сўнг Путин хавфсизликни кучайтиришни талаб қилди
Россия президенти Владимир Путин Москвадаги портлаш ортидан хавфсизлик чораларини кучайтиришни топширди. У ФСБ коллегиясида Мудофаа вазирлиги ходимлари, ҳарбий-саноат комплекси корхоналари вакиллари, шунингдек журналистлар, волонтёрлар ва «жамоатчилик фикри етакчилари»ни ҳимоя қилишни кучайтиришни буюрди.
Путин Савёловский вокзали яқинида полиция автомашинаси портлатилгани ҳақида тўхталиб, гумонланувчи шахс интернет орқали ёллангани ва қурилма «масофадан туриб портлатилгани»ни айтди.
Тергов қўмитаси маълумотига кўра, гумонланувчи — 22 ёшли Удмуртиялик йигит. Ҳозирда унинг ҳаракатлари сабаблари ва алоқалари ўрганилмоқда.
