Рақамли иқтисодиётда иқтисодий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди

Рақамли иқтисодиётда иқтисодий хавфсизлик масалалари муҳокама қилинди

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси ҳамда Тошкент давлат иқтисодиёт университети томонидан “Рақамли иқтисодиёт шароитида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш: муаммолар ва ечимлар” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Анжуманда Бош прокуратура, Марказий банк, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, солиқ ва божхона қўмиталари вакиллари, амалиётчилар, тадбиркорлар шунингдек олимлар, профессор ўқитувчилар ҳамда илмий изланувчилар иштирок этди.

Анжуманда асосий мақсад жамоатчилик онгида иқтисодий хавфсизлик тушунчасини янада кенгайтириш, рақамли иқтисодиёт шароитида юзага келаётган таҳдид ва хавф-хатарларни илмий жиҳатдан таҳлил қилиш, иқтисодий ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда муросасизлик муҳитини шакллантиришга қаратилди.

Тадбир доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича маърузалар ва муҳокамалар бўлиб ўтди:

– иқтисодий хавфсизлик соҳасида қонунчилик базасини мустаҳкамлаш;

– иқтисодиёт соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, шунингдек, бюджет маблағларининг сарфланиши устидан мониторинг ва назорат тизимини такомиллаштириш;

– тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қўллаб-қувватлашнинг илмий-амалий жиҳатлари;

– яширин иқтисодиёт кўламини қисқартиришда рақамли технологиялардан фойдаланиш йўналишлари;

– Ўзбекистонда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш фаолияти самарадорлиги ошириш.

Бундан ташқари, анжуман доирасида Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамда Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси билан ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Ушбу меморандум Инспекция ҳамда университетнинг алкоголь ва тамаки соҳасидаги яширин иқтисодиёт кўламини таҳлил қилиш, баҳолаш, тадқиқотлар ўтказиш ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш соҳасидаги ҳамкорлигини янада кучайтиришга хизмат қилади.

Анжуман якуни бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларни реализация қилиш чоралари кўрилади.

Мазкур тадбир мамлакатимизда иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, рақамли ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда иқтисодий хавфсизлик маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: