“Сен чиқиб кетавер. Кунинг битди. Бугун ўласан…” Ўқинг, лекин йиғламанг!

“Сен чиқиб кетавер. Кунинг битди. Бугун ўласан…” Ўқинг, лекин йиғламанг!

Қишлоқ четидаги кимсасиз кулбада Хонкиши исмли бир дурадгор яшарди. Унинг бор-буди ёғоч, ҳунари эса ғилдирак ясаш эди. Аммо кунларнинг бирида унинг танасига оғир дард ўрмалаб кирди. У бормаган шифокор, эшик қоқмаган табиб қолмади, лекин дардига даво топилмади. Бир куни қишлоққа довруғи етти иқлимга кетган, «Эмчи ота» деб ном чиқарган бир зот келгани ҳақида гап тарқалди. Хонкиши сўнгги умид билан, титраб-қақшаб Эмчи ота тушган ҳовлига борди. Навбат шу қадар узун эдики, одамлар қуйруқдай тизилиб, нажот кутардилар.

Ниҳоят, Хонкиши оқ ўтов ичида ўтирган вазмин чолнинг ҳузурига кирди. Эмчи ота унга бир бор назар ташлади-ю, ҳукмни ўқиди: “Сен чиқиб кетавер. Яшаминг битди. Бугун ўласан…” Бу сўзлар Хонкишининг қулоғида ажал қўнғироғидай жаранглади. У уйига қайтиб келаркан, дунё кўзига тор кўринди. Остонада кеча бозордан олиб келган бир парча гўшт, пиёз ва шолғом турарди. “Оч ўлгандан, тўқ ўлган яхши”, деб ўйлади у ўзига-ўзи. Сўнгги бор қозон осди. Ўчоқда олов ловуллар, қозонда шўрва қайнар, Хонкиши эса ажал кутиб, ғамгин ўтирарди.

Шу пайт айвон бостирмаси орасида бир чипор илон пайдо бўлди. У панада юрган қумри боласини овлайман деб бехосдан мувозанатини йўқотди ва ловуллаб қайнаб турган қозон ичига «пақ» этиб тушди. Бу даҳшатли манзарани Хонкиши ўз кўзи билан кўрди. Унинг ичида қўрқув эмас, балки аянчли бир иштиёқ уйғонди: “Шу заҳарланган шўрвани ичсам, тезроқ ўламан, азоблардан қутуламан!” У шўрвани сопол косага сузди-да, охирги қултумигача ичди. Шу заҳоти унинг бутун танасидан совуқ тер чиқиб, қаттиқ чарчоқ босди. Хонкиши ичкарига кириб, кўрпага ўранди ва «ўлим уйқусига» кетди.

Аммо у ўлмади. Орадан икки кун ўтиб, Хонкиши кўзини очганда, ўзини худди қайта туғилгандек ҳис қилди. Тиззасидаги зирқираган оғриқ, елкасидаги санчиқлар ғойиб бўлган, қирқ ёшли киши йигирма ёшли йигитдек кучга тўлган эди. У ҳатто ёшлигида жойидан жилдира олмаган улкан юмалоқ тошни худди коҳдек кўтариб ташлади! Ҳайрат ва қўрқув ичида яна Эмчи отанинг ҳузурига югурди.

Ўтовга кириши билан Эмчи ота унга маъноли боқиб, илк саволини берди: “Чипор илон солинган шолғом шўрвани қаерда ичдинг?” Хонкиши бўлган воқеани сўзлаб берди. Шунда Эмчи ота оғир хўрсиниб деди: “Мен ўша куни сенинг дардингга фақат камёб чипор илон заҳри даво бўлишини билгандим. Лекин бу ўлкаларда бундай илон йўқлигини билганим учун, сенга «ўласан» дегандим. Тақдиринг сени ўлим билан эмас, ҳаёт билан сийлабди…”

Азизлар, баъзан биз «тамом бўлдим» деб ўйлаган эшигимиз — аслида янги ҳаётнинг бошланиши бўлиб чиқади. Биз заҳар деб қочган нарсамиз баъзан энг катта малҳам бўлиши мумкин. Умидингизни ҳеч қачон узманг, чунки қозон қайнаб турганда, мўъжиза содир бўлиши ҳеч гап эмас!

Дўстларингизга ҳам юборинг: