Тожикистонда “тахт” транзитига тайёргарлик бошландими?
Телевидениеда асосан классик мусиқа, опера ёки тожик миллий классик мусиқаси намойиш этилмоқда. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар казарма ҳолатига ўтказилган, 10 кунлик сукунат фонида тожик президентининг ўғли – Рустам Имомали фаоллашиб қолди.
Феврал ойида Марказий Осиё ахборот маконида бир хавотирли хабар анча муҳокама қилинди. Тожикистон президенти Имомали Раҳмоннинг икки ҳафта оммавий маконда кўринмай қолгани, унинг ёки ўлгани, ёки оғир хасталиги ҳақидаги тахминларни урчитди.
Кекса диктаторлар асрида бир ёки бошқа етакчининг вақт-вақти билан оммавий майдондан йўқолиб туриши одатий ҳолга айланган. Ёши улуғ раҳбарлар чарчайди, уларга дам олиш ва даволаниш керак бўлади. Бундай “таътиллар” одатда қаттиқ махфийлик шароитида кечади.
Айрим ОАВлар маълумотига кўра, Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари казарма режимига ўтказилган. Юқори лавозимли амалдорларга мамлакатдан чиқиб кетиш тақиқланган. Шу билан бирга, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари гўёки куч тузилмаларида эҳтимолий “тозалашлар”дан қўрққани учун мамлакатни тарк этишга улгургани, айтилмоқда. FlightRadar маълумотларига кўра, президент самолёти – биринчи борт икки ҳафта ҳаракатсиз турган.
Миш-мишларга кўра, президент оммавий тадбирларда қатнашмаган ва яқиндан олинган расмий фотосуратлари йўқ. Бир нечта оммавий ахборот воситалари ва Телеграм каналларига кўра, давлат раҳбари гўёки Европа Иттифоқи давлатларидан бирида даволаниш учун мамлакатни тарк этган. Нашрларда микроинсулт ёки микроинфаркт назариялари тилга олинган. Бироқ бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ.
Имомали Раҳмон телеканаллар орқали тинимсиз ўзини кўз-кўз қилишни яхши кўриши инобатга олинса, 10 кундан зиёд телевизорда кўринмаслик Тожикистон президенти учун ростан ҳам ғайриоддий ҳодиса.
Таъкидлаш лозим, Имомали Раҳмон оммавийликни жуда яхши кўрадиган инсон. Гувоҳларнинг айтишича, бир вақтлар унинг иш кабинетида мамлакатда нечта умуммиллий телеканал бўлса, шунча телевизор ўрнатилган эди. Прайм-тайм пайтида уларнинг ҳар бирида бир вақтнинг ўзида Раҳмон кўрсатилади ва у буни завқ билан томоша қилади. Раҳмон доимо дарахт экиш, йўл очиш, қурилиш объектларини кўздан кечириш каби тадбирларда қатнашиб келган.
Бошқа раҳбарлар даволаниш учун кетганида ҳам “консерва”лар – яъни олдиндан ёзиб қўйилган чиқишлар қолдириб кетади. Ўзи шифохона палатасида бўлган пайтда томошабинларга у гўёки йиғилиш ўтказаётгани, кимнидир тақдирлаётгани ёки танбеҳ бераётгани намойиш этилади. Раҳмон билан боғлиқ вазиятда эса бундай “консерва”лар ҳам кўрсатилмади.
Энг кўп тахтда қолаётган рекодрчи президент
Имомали – Марказий Осиё давлатлари орасида энг кўп – 30 йилу 3 ойдан бери лавозимда қолаётган етакчи ҳисобланади.
Имомали Раҳмон 1952 йил 5 октябрда туғилган. У 1994 йил 16 ноябрдан буён Тожикистон Президенти лавозимида фаолият юритиб келмоқда.
Фуқаролик уруши (1992-1997) бошланганидан сўнг, 1992 йил 27 ноябрда Тожикистонда президент лавозими бекор қилинган эди. Шу даврда Раҳмон коммунистлар ва неокоммунистлар, бир томондан ҳамда исломий, миллатчи ва либерал тожик кучлари, иккинчи томондан, ўртасида муроса шаклидаги сиёсий шахс сифатида Тожикистон олий кенгаши раиси этиб сайланди. У мазкур лавозимда 1994 йил 16 ноябргача фаолият юритди. Шу куни президент лавозими қайта тикланди.
Турли маълумотларга кўра, Имомалининг Тожикистон тепасига келиб қолишига Ўзбекистоннинг 1-президенти Ислом Каримов ҳарбий ва молиявий ёрдам берган. Каримов “Президент ким бўлса бўлсин, колхозчи бўлса ҳам майли, фақат исломий қарашдаги раҳбар бўлмасин” деган фикрга таянган шекилли, Данғара (Кўлоб) клани вакили, 1987 йилдан бери Данғара туманидаги Ленин номли совхоз директори бўлган деҳқонзода Имомалининг ҳукумат тепасига чиқишига ёрдамлашган.
Каримовнинг ёрдамини аввалбошда Имомали ҳам тан олган ва Каримовни “отам” деб атаган, фуқаролик уруши даврида Ўзбекистон томони гуманитар юклар киритиб, тожикларни ўлимдан сақлаб қолганини айтган.
Айрим мухолиф қарашларга кўра, кейинчалик Имомали бу ёрдамни унутди ва Каримовга ёқмайдиган ҳаракатларини кўпайтирди. Тожикистонда ўзбек тили ва маданиятига “ўгай кўз билан” қараш, ўзбекча жой номларини тожиклаштириш каби кўплаб баҳсли қадамлар қўйилди. Бухоро ва Самарқандга нисбатан ҳудудий даъволар янгради.
90-йилларда Тожикистон аҳолисининг 40 фоизга яқини ўзбеклардан иборат бўлган. Аммо Имомали шафеълигида ўзбекларнинг ҳар бир уруғи, масалан, лақайлар алоҳида миллат сифатида рўйхатга олинди ва натижада статистикада ўзбеклар нуфуси сунъий равишда 12 фоизгача пасайтирилди.
Маълумот учун, Тожикистон ўзбеклари – Ўзбекистондан ташқарида яшовчи этник ўзбеклар орасида мутлақ сони жиҳатидан иккинчи, нисбий улуши жиҳатидан эса биринчи ўринда турадиган гуруҳдир. Мутлақ сони бўйича улардан фақат Афғонистондаги ўзбеклар (3,5-4 миллион киши) устун бўлиб, улар ушбу мамлакат аҳолисининг тахминан 11 фоизини ташкил этади.
Лекин Тожикистонда ўзбекларнинг аниқ сони ҳақидаги маълумотлар бир хил эмас. Бу, жумладан, айрим қабила гуруҳларини тожиклар ёки ўзбеклар таркибига киритиш масаласига ҳам боғлиқ. Хусусан, 2010 йилги аҳоли рўйхатида айрим туркий халқлар (лақайлар, қўнғиротлар, дурманлар, қатағонлар, барлослар, юзлар, минглар, кесамирлар, семизлар) алоҳида кўрсатилган бўлса, 1989 йилги ва ундан олдинги рўйхатларда улар ўзбеклар таркибига киритилган.
Айрим манбаларда ҳозирда Тожикистондаги ўзбеклар сонининг норасмий баҳоси аҳолининг 30 фоизигача етиши мумкинлиги таъкидланади.
Айрим ҳолатларда этник ўзбекларнинг миллий мансублигини паспортларда “тожик” деб кўрсатиш орқали ассимиляция қилишга уринишлар кузатилади. Айниқса, бу ҳолат Сўғд ва Хатлон вилоятлари каби ҳудудларда кўпроқ учрайди. Чунки совет даврида “миллат” пункти катта аҳамиятга эга эмас эди, ҳозир эса бу масала давлат даражасида ўзбек миллий ўзлигини белгилашдаги ноаниқлик келтириб чиқаради.
Қолаверса, очиқ ёки зимдан босим туфайли аввал ўзбек тилида сўзлашган ёки ўзбек бўлганлар ҳам (айниқса пойтахт Душанбе шаҳрида) ўзини энди тожик сифатида идентификация қилиши ҳисоб-китобни мушкуллаштиради.
Маълумки, 1924 йил 14 октябрдан – 1929 йил 16 октябргача Тожикистон Ўзбекистон ССР таркибида автономия сифатида мавжуд бўлган. Шу куни Тожик АССР Тожик ССРга айлантирилиб, бевосита СССР таркибига киритилди ва Ўзбекистон таркибидаги автоном ҳудуд мақомини йўқотди. Тожик АССРнинг ажралиб чиқишига Ўзбекистон заминида туғилиб ўсган тожик зиёлилари, масалан, Садриддин Айний ҳам бош-қош бўлишган.
Тожикистонга берилган ерлар асосан тоғли ҳудуд бўлгани учун 1929 йилгача бўлган чегараларда ҳам Ўзбекистон ССРга тегишли бўлган, асосан ўзбеклар яшовчи Ленинобод (Хўжанд, кейин Сўғд деб ўзгартирилган) вилояти Тожик ССРга қўшиб берилган. Ҳозирда бу ердаги ўзбекларни ижтимоий тармоқларда “шимолий тожиклар” дея кўрсатиш ҳаракатлари ва тарғиботлар кузатилмоқда. Демак, қандайдир кучлар бу палид кампанияга старт берган ва қўллаб-қувватламоқда.
Ҳатто айрим маълумотларга кўра, 2000 йиллар бошида Имомали Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида тузилган дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани камералар ҳузурида йиртиб ташлаган. Шундан кейин токи 2016 йилгача – Каримов вафот этгунига қадар икки президент ўртасида, демакки, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларда ҳам совуқлик сақланиб қолди. Роғун ГЭСи ва сув муаммолари эса муносабатларни янада таранглаштирди.
2009 йил Россия ОАВларида чоп этилган маълумотларга кўра, Имомали Раҳмон аввал Каримовни ҳурмат қилган, аммо кейинчалик фикри ўзгарган.
“Аммо кейин кўп нарсани билиб қолдик. Бу одам бутунлай тожикларга қарши курашади… Мамлакатимиз ривожланишини истамайди, йўлларни ёпади, совуқ қишда электр энергиясини узади”, – дея шикоят қилган Имомали Раҳмон 2009 йил 8 декабрда журналистлар билан ўтказган учрашувида.
Ўзбекистон билан ҳудудий баҳслар ҳақида гапирар экан, Имомали Раҳмон шундай дейди: “Мен И.Каримов билан кўп марта мунозара қилганман, ҳатто икки марта уришиб ҳам кетдик. Бир мартасида Назарбоев, иккинчи мартасида – Кучма ажратиб олди. Ва мен унга “Самарқанд ва Бухорони барибир олиб қўямиз!” – деб айтдим”.
Имомали беш марта президентлик сайловларида ғолиб бўлган (1994, 1999, 2006, 2013 ва 2020 йилларда), шунингдек 1999 ва 2003 йилги умумхалқ конституциявий референдумлари натижасида ўз ваколатларини кенгайтирган. 2016 йил 22 майда ўтказилган охирги конституциявий референдумда эса президентликка қайта сайланиш чекловлари бекор қилинди ва президентликка номзодлар учун ёш мезони 35 ёшдан 30 ёшга пасайтирилди.
Айрим сиёсатшунослар Раҳмоннинг ҳукмронлигини авторитар режим сифатида тавсифлайдилар, унда шахсга сиғиниш устунлик қилади, сиёсий рақибларга қарши репрессиялар амалга оширилади, инсон ҳуқуқлари жиддий равишда бузилади, сайловлар эркин ва адолатли эмас, коррупция ва уруғ-аймоқчилик кенг тарқалган.
Давлат ОАВдаги ғалати ахборот кампанияси
Миш-миш ва тахминларнинг урчишига Тожикистон ҳокимиятининг ўзи, айниқса, тарғибот соҳасидаги хатти-ҳаракатлари ҳам катта ҳисса қўшди. Ижтимоий тармоқларда ҳар куни Раҳмоннинг эски чиқишларидан юзлаб видеолар жойланди. Уларнинг мазмуни гўё у халқ билан хайрлашаётгандек ёки кечирим сўраётгандек таассурот уйғотади: она ҳақида, ота ҳақида, ота-она ва фарзанд муносабатлари ҳақидаги сўзлар янгради. Гўё уни яхши ота, яхши оила бошлиғи сифатида ёдда қолдиришга уриниш бордек.
Телевидениеда эса асосан классик мусиқа, опера ёки тожик миллий классик мусиқаси намойиш этилмоқда. Бу вазиятга янада ноаниқлик ва сирлилик бағишлади.
Сирли тайёргарлик
Айтилишича, ўтган кунларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар казарма ҳолатига ўтказилган, вазирларга ҳатто даволаниш ёки шахсий сафарлар учун ҳам чет элга чиқиш тақиқланган.
Айрим хабарларга кўра, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари – Саидмурод Ятимов – Европага учиб кетган ва ҳозир Германияда. Уни расман Мюнхендаги клиникада кўришган, шунингдек Германиянинг бошқа шаҳарларида ҳам кўрилгани айтилмоқда.
Ҳукумат мажлиси баённомасидан олинган ҳужжатга кўра, барча давлат амалдорлари, ҳатто ҳудудий раҳбарлар ҳам, кейинги кўрсатмага қадар чет элга чиқиш ҳуқуқига эга эмас. Бу даволаниш ёки шахсий сафарларга ҳам тааллуқли.
Буларнинг барчаси вазият ноодатий ва мураккаб эканини кўрсатади. Ҳокимият нимага тайёргарлик кўрмоқда? Қандайдир маросимгами? Ёки эҳтимолий давлат тўнтаришидан, беқарорлик ёки бошқа катаклизмлардан қўрқмоқдами? Аниқ эмас. Аммо мамлакатда таранглик ҳисси сезилмоқда.
Ўзими ёки қиёфадошими?
Ниҳоят 14 феврал куни сукунат бузилди. Имомали Раҳмон Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки президенти Цзоу Цзяи бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани хабар берилди ва унинг суратлари чоп этилди.
15 феврал куни эса Имомали Раҳмон Хитой президенти Си Цзинпинни Хитой Янги йили билан табриклади. Табрикномада у икки мамлакат ўртасидаги юқори даражадаги ҳамкорликни таъкидлади ва халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида мувофиқлаштириш муҳимлигини таъкидлади.
16 февралда эса Рахмон Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ермек Кошербаевни қабул қилгани ҳақида хабар қилинди.
Бу биринчи “ўлиши” эмас
Тожикистон президентининг ўлгани хақида хабарлар тарқатилиши биринчи марта эмас. 2022 йил сентябрда, Тожикистон ва Қирғизистон чегарачилари қуролли тўқнашувга борганидан кейин ҳам Имомали Раҳмоннинг инсултни бошидан ўтказиб вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
2023 йил октябр ойида Раҳмон Швейцарияда даволаниш пайтида вақтинча жамоатчилик назаридан ғойиб бўлди. Ўша пайтда президентнинг соғлиғи оғирлашгани ҳақидаги миш-мишлар кенг муҳокама қилинган эди, аммо кейинчалик бу миш-мишлар рад этилди.
Албатта, кўп давлатларда, айниқса автократ ва диктатура режимларида давлат раҳбарининг соғлиги ҳақидаги маълумотлар сир ҳисобланади. Аммо 74 ёшга кираётган Имомалининг соғлиги аъло даражада эмаслиги аниқ. Қолаверса, охирги суратларида ҳам унинг юзи сўлғин ва касалманд кўринади.
Рустам Имомалининг фаоллашуви ва ғалати баёнотлари
Албатта, оқсоқол президентнинг соғ эканлиги ҳаммамиз учун қувончли хушхабар. Бироқ яна бир масала ҳамон очиқ қолмоқда. Хўш, Имомали соғу саломат экан, нега 10 кунлик сукунат фонида тожик президентининг ўғли – Рустам Имомали фаоллашиб қолди?
Рустам шу қисқа вақт ичида бир нечта учрашув ўтказди ва бир нечта ғалати фикрлар билдирди. Масалан: “Фарзандлар ота-оналарининг номини абадийлаштиради”, деган мазмундаги сўзлар айтиб, миш-мишлар оловига яна ёғ сепмоқда.
Тўғри, ҳокимият транзити – отасидан ўғлига ўтиши ҳақидаги гап-сўзлар анча вақтдан бери юрибди. Ҳеч кимга сир эмаски, катта Раҳмон ўғлини ворис сифатида кўради. Бир неча йил аввал айнан шу мақсадда конституциявий референдум ўтказилиб, президентликка номзодлар учун ёш цензи 30 ёшга туширилган эди. Раҳмон нафақат Конституцияни ўзгартирди, балки сиёсий майдонни ҳам тозалади – ҳам мухолифат томонидан, ҳам ўз атрофидаги элита ичида бўлиши мумкин бўлган рақобатчиларни четлатди. Ҳамма “ворис операцияси” ҳақида гапиради. Бироқ Раҳмон Бердимуҳаммедов каби ёки тириклигида ҳокимиятни оила аъзосига топширган бошқа авторитар раҳбарлардан фарқли ўлароқ, умрининг охиригача президент бўлиб қолишга маҳкумдек гўё. Гап шундаки, у ўз ўғлига тўлиқ ишонмайди.
Бир талқинга кўра, ота ўғлининг қобилиятларидан кўнгли тўлмаган, унга ишонмайди. Бошқа талқинга кўра, катта Раҳмон кўзи очлик қилиб, ҳокимиятдан воз кечолмаган, ҳатто ўғли билан ҳам уни бўлишишни истамаган.
Бугун Рустам Имомали бир вақтнинг ўзида бир нечта юқори лавозимни эгаллаб турибди: у Олий Мажлис юқори палатаси раиси, Душанбе шаҳар ҳокими, Марказий Осиё футбол ассоциацияси президенти ва бошқа қатор вазифаларни бажаради. Аммо уни кўпчилик ўрта даражадаги амалдор сифатида қабул қилади холос. Афғонистон ва Хитой орасида жойлашган, мураккаб геосиёсий шароитдаги мамлакатни бошқариш учун фавқулодда етакчилик салоҳияти талаб этилади. Рустам бу борада ажралиб турмайди. Эҳтимол ота шуни англаб, ҳокимият транзитини секинлаштиргандир.
Тожикистон халқи Рустамни қўллаб-қувватлайдими?
Тожикистонда мураккаб ҳудудлар бор, илгари халқ норозиликлари кузатилган жойлар ҳам мавжуд. Тоғли Бадахшонда сеператизм олови бир ёниб, бир ўчиб, тутамоқда.
Аммо тожик халқи ҳозир исёнларни истамайди. Чунки фуқаролар урушида тахминан 200 мингга яқин инсон ҳалок бўлгани ҳақида турли манбалар айтади. Аниқ рақамлар ҳеч қачон расман ҳисоблаб чиқилмаган. Ҳокимият бунга қизиқмайди, чунки бу мавзу жуда оғриқли.
Шундай фожиадан сўнг халқнинг иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маданий талаблари минимал даражага тушган. Кўпчилик учун энг муҳими – ҳокимият одамларни отмасин, ўлдирмасин. Агар ҳар бир оиладан кимдир меҳнат муҳожирлигида, яна кимдир қамоқда бўлса – бу, афсуски, одатий ҳолга айланган. Шу шароитда халқдан ҳокимият масаласида фаол позиция кутиш қийин.
Тожикистон иқтисодиёти эса Марказий Осиёда энг охирги ўринда туради. Имомалининг 9 фарзанди ва сон-саноқсиз қариндошлари Тожикистондаги барча пул келтирадиган жойларни ва ҳокимият манбаларини эгаллаб олишган. Коррупция ва непотизм ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча йўналишларини бўғиб олган. Мамлакат халқи ассоан Россия ва бошқа хорижий мамлакатларда ишлаб, уйига пул жўнатиб жон сақламоқда. Ишчи мигрантлар юборган пуллар мамлакат ЯИМининг деярли ярмини ташкил этади. Ойлик маошлар ва фаровонлик бўйича Тожикистон нафақат дунёда, балки Марказий Осиё бўйича охирги ўринларда туради. Халқаро ташкилотлар, хусусан Human Rights Watch ҳисоботларига кўра, Тожикистонда мамлакатда инсон ҳуқуқлари, сўз ва виждон эркинлиги ўта қўпол равишда бузиб келинмоқда. Гарчи халқ Имомали диктатурасидан норози бўлса-да, куч ишлатар тизимлар ва пропаганда воситасида тартиб ўрнатилмоқда.
Россия ва Хитой “ўз президенти”ни илгари сурадими?
Постсовет маконида кадрлар бўйича муҳим қарорлар Москва ёки Пекин фикрисиз қабул қилинмайди, деган қараш бор. Тожикистон яқинида Афғонистон ҳам бор, у ерда ҳозир ҳокимиятда турган ҳаракат – Толибон вазиятга таъсир ўтказиши мумкин.
Аммо амалиёт шуни кўрсатадики, Хитой одатда бундай ички сиёсий масалаларга аралашмайди. Унинг стратегияси аниқ: ким ҳокимиятда бўлса, ўша билан ишлаш. У либералми, коммунистми ёки ҳозирги Афғонистондаги каби исломий ҳаракат вакилими – фарқи йўқ.
Россияда ҳам шунга ўхшаш ёндашув кузатилади. Владимир Путин одатда кимнидир махсус ҳокимиятга олиб келишга эмас, балки ҳокимиятни қўлга киритган шахс билан ҳамкорлик қилишга уринади. Масалан, Сурияда Россия узоқ вақт Башар Асадни қўллаб-қувватлади. Аммо вазият ўзгарганда Москва янги кучлар билан ҳам мулоқот қилишга тайёрлигини кўрсатди.
Шу маънода Россия ва Хитой одатда ички ишларга очиқ аралашмайди. Улар ҳокимиятни қўлга олган томон билан ишлашни афзал кўради. Бироқ Тожикистон Россия учун оддий постсовет давлати эмас.
Нега Рустам Имомалини Москвага “кўрик”ка олиб боришган эди?
Тожикистон – Россиянинг хориждаги энг йирик ҳарбий базаси жойлашган давлат. Москвада бир пайтлар Раҳмон Кремл кўмагида президентликка келгани ҳақида очиқ гапирилган. Шу боис Кремлнинг Тожикистонга муносабати Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ёки Қирғизистонга бўлган муносабатидан бироз фарқ қилади.
Бир йил аввал Имомали Раҳмон ўғлини Россияга юборди. Валентина Матвиенко воситачилигида у Москвага бориб, Владимир Путин томонидан қабул қилинди. Учрашувдан жуда қисқа видеолавҳалар намойиш этилди – сўзсиз, изоҳсиз. Бироқ бу Кремл ва Раҳмон томонидан, аввало, тожик жамияти ва элитага юборилган сигнал эди: дов Рустам Имомалига тикилган. Кўринадики, Раҳмон фарзандлари ва набиралари орасида айнан Рустамни энг муносиб ворис деб ҳисоблаган. Аммо бу танлов муваффақият кафолати дегани эмас.
Яна қандай сюрпризлар кутиляпти?
Имомали Раҳмон ҳақидаги навбатдаги миш-мишлар яна бир ҳақиқатни очиб берди: Тожикистонда ҳокимият шу қадар бир шахсга боғлаб қўйилганки, бир инсоннинг икки ҳафталик сукунати бутун мамлакатни саросимага солиши мумкин. Бу фақат бир раҳбарнинг соғлиги ҳақидаги савол эмас – бу тизимнинг мустаҳкамлиги ҳақидаги савол.
Агар давлат институтлари кучли бўлганида, президентнинг вақтинча кўринмаслиги бундай ваҳимага сабаб бўлмас эди. Аммо Тожикистонда ўттиз йил давомида барча сиёсий, иқтисодий ва куч ресурслари бир шахс ва унинг оиласи атрофида жамланди. Шунинг учун ҳам ҳар қандай ноаниқлик дарҳол “ҳокимият бўшлиғи” ҳақидаги хавотирларни келтириб чиқаради.
Раҳмон ҳозирча омма олдида кўринди, расмий учрашувлар ўтказди. Демак, у тирик ва ҳозирча сиёсий майдонни қўлдан бергани йўқ. Бироқ бу воқеалар ҳокимият транзити масаласи барибир кун тартибида эканини кўрсатди. Бугун эмас, эртага эмас, аммо яқин йилларда бу саволга жавоб беришга тўғри келади.
