“У Американи ҳалокатга етакламоқда!..”

“У Американи ҳалокатга етакламоқда!..”

Голливуднинг афсонавий актёри Роберт Де Ниро навбатдаги оммавий чиқишларидан бирида АҚШдаги сиёсий вазият ҳақида сўз юритар экан, ўз ҳиссиётларини тия олмади. У журналист Николь Уоллеc билан “Best People” подкастидаги суҳбати чоғида мамлакат келажаги борасидаги жиддий хавотирлари ва ҳозирги сиёсий муҳит уни қанчалик ташвишга солаётганини очиқ баён қилди.

Суҳбат давомида актёр АҚШнинг амалдаги раҳбари Доналд Трамп сиёсати мамлакатни хавфли йўналишга етаклаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, бу жараён жамиятдаги бирликни заифлаштириб, одамлар ўртасидаги ишонч ва ҳамжиҳатликка жиддий путур етказмоқда.

Подкастнинг тахминан ўрталаридан ўтганда, Никол Уоллес Де Нирога унинг инсонпарварлик позицияси ҳақида савол берди. Журналист актёрнинг доимо оддий одамлар муаммоларига бефарқ бўлмаслиги ва уларга ёрдам беришга интилиши ҳақида гапириб, нега айнан бугунги сиёсий вазият уни бунчалик чуқур ташвишга солаётганини сўради.

Бу савол актёрга кучли таъсир қилди. У бир неча сония жим қолди, сўнг овози титраб, ҳиссиётларини яшира олмади. Унинг кўзларида ёш пайдо бўлди.

“Одамларни бирлаштириш — бу энг муҳим вазифа. Жамиятни бўлиш, уларни бир-бирига қарши қўйиш — бу ҳалокатга олиб борадиган йўл, — деди Де Ниро. — Биз ҳозир қай ҳолатда эканимизга қаранг. Бу гўё ақлга сиғмайдиган бир ҳолат. Мамлакат тақдири уни ҳимоя қилиши керак бўлган эмас, балки уни парчалаши мумкин бўлган қўлларда қолгандек туюлади”.

Актёр, шунингдек, мамлакат раҳбарининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари ортидаги мақсадлар ҳақида ҳам шубҳаларини билдириб, бу вазият уни шахсан чуқур изтиробга солаётганини тан олди.

Суҳбат якунида Никол Уоллес яна бир муҳим саволни ўртага ташлади: “Америка ҳозир тўғри йўлдан кетаётганига ишонасизми ва амалдаги президент ваколат муддати тугагач, ҳокимиятни тинч йўл билан топширадими?”

Бу саволга Де Ниро қатъий ва ишончли жавоб қайтарди:

“Мен бунга ишонмайман. Биз унинг хатти-ҳаракатларини кўриб турибмиз. У кетишни истамайди”, деди актёр.

Суҳбат видеоси оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: