Афғонистон—Покистон уруши: вазият анчайин жиддийлашиб бормоқда. Урушдан ваҳимали кадрлар пайдо бўлди (Видеофактлар)

Афғонистон—Покистон уруши: вазият анчайин жиддийлашиб бормоқда. Урушдан ваҳимали кадрлар пайдо бўлди (Видеофактлар)

Ўтган кеча давомида Афғонистондаги ҳарбий-сиёсий вазият кескин ёмонлашди. Мамлакат расмийлари Дюранд чизиғи бўйлаб — Хуст, Пактия ва Нуристон вилоятлари йўналишида ҳарбий амалиётлар бошланганини эълон қилди. Ҳукумат вакили Ҳамдулла Фитратнинг таъкидлашича, Афғонистон қуролли кучлари Покистоннинг битта ҳарбий базаси ва 19 та чегара постини назорат остига олган. Хабарда Покистон ҳарбий хизматчилари орасида ўнлаб қурбонлар борлиги қайд этилган. Покистон манбалари ушбу ҳужумлар муваффақиятли қайтарилганини ва аксинча, Афғонистон бўлинмалари талофат кўрганини даъво қилмоқда.

Шу билан бирга, чегара олди ҳудудлари, хусусан, Пактия вилоятининг Данд-ав-Патан туманидаги аҳоли пунктларига зарбалар берилгани ҳақида маълумотлар келиб тушмоқда. Бунинг оқибатида маҳаллий аҳоли ўз турар жойларини оммавий равишда тарк этмоқда.

Ҳозирги вақтда минтақада вазият ўта зиддиятли бўлиб қолмоқда. Қарши томонлар бераётган маълумотлар бир-бирига зид ва вазиятни мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имконияти чекланган.

Покистон Мудофаа вазири Хаважа Асиф Афғонистондаги “Толибон” ҳукумати билан “очиқ уруш” бошланганини маълум қилган.

“Покистон мавжуд воситалар ва дўстона мамлакатлар орқали вазиятни нормал ушлаб туриш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширди. У тўлақонли дипломатия билан шуғулланди. Сабр косамиз тўлди. Энди сиз билан бизнинг орамизда очиқдан очиқ уруш кетяпти”, деган Асиф.

Дўстларингизга ҳам юборинг: