Ўз аммасини Хитойга ўқишга киритиш ваъдаси билан 4 900 долларга алдаган қиз жазоланди

Ўз аммасини Хитойга ўқишга киритиш ваъдаси билан 4 900 долларга алдаган қиз жазоланди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг “Постда” нашрида эълон қилинган материалда яқин қариндошини Хитойда PhD босқичига ўқишга киритиш ваъдаси билан алдаб, катта миқдордаги маблағни ўзлаштирган аёлга оид воқеа тафсилотлари очиқланди.

Маълум қилинишича, Хитой Халқ Республикасининг Ахборот технологиялари университетини тамомлаган қиз ўз маблағи эвазига автомобил сотиб олмоқчи бўлган аммасига Хитойда докторантурага (PhD) ўқишга киритиб қўйишини ваъда қилган.

У дастлаб ҳужжатларни расмийлаштириш учун 2 300 АҚШ доллари, кейинчалик ётоқхона учун 2 200 АҚШ доллари олган. Орадан вақт ўтиб, “бизнес виза” расмийлаштириш баҳонасида яна 400 доллар талаб қилган.

2025-йил январь ойида айбланувчи аммасини сохта ҳужжатлар билан Хитойнинг Ханжоу шаҳрига жўнатган. Жабрланувчи у ерга етиб боргач, виза марказидан Гуанчжоу шаҳридаги олий таълим муассасасига қабул қилингани айтилган. Бироқ Гуанчжоудаги тиббиёт олийгоҳига мурожаат қилганида, унинг номига ҳеч қандай ҳужжат топширилмагани аниқланган.

Қиз аммасига тиббиёт олийгоҳининг ётоқхонасида жой қолмаганлиги сабабли, биринчи курсни ўша ердаги Политехника аёллар касб-ҳунар коллежида ўқишини, тиббиёт олийгоҳи билан коллеж ўртасида шартнома борлигини айтиб, уни ишонтирмоқчи бўлади. Жабрланувчи бу сафар ишонмайди.

Натижада ўз жиянига ишониб қолган жабрланувчи, охир оқибат на ўқишга кира олган на машина сотиб олган.

Ички ишлар бош бошқармасининг маълум қилишича, ушбу ҳолат юзасидан айбланувчига нисбатан тегишли жазо қўлланилган.

Манба

Дўстларингизга ҳам юборинг: