Эрдўған Исроил ва АҚШнинг Эронга ҳужумини қоралади
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Исроил ва АҚШнинг Эронга уюштирган ҳужумларини қоралади, шу билан бирга, Ислом Республикаси томонидан минтақа давлатларидаги нишонларнинг ўққа тутилишини қабул қилиб бўлмас деб атади. Бу ҳақда у бугун, 28 февраль куни Истанбулдаги чиқиши чоғида сўз очди.
“Биз бугунги, Эрон суверенитетини очиқдан очиқ бузувчи ҳамда дўст ва қардош Эрон халқи тинчлигига таҳдид солувчи ҳужумларни қоралаймиз. Исроилнинг провокациялари билан бошланган Америка-Исроил ҳужумларидан чуқур қайғудамиз ва хавотирдамиз. Биласизки, биз узоқ вақт давомида келишмовчиликларни мулоқот йўли билан ҳал қилиш учун улкан саъй-ҳаракатларни амалга оширдик. Минтақамиздаги бошқа давлатлар ҳам қўлларидан келган барча ишни қилдилар. Бироқ томонлар ўртасидаги ишонч инқирозини енгиб ўтиб бўлмагани, шунингдек, Исроилнинг жараённи барбод қилишга бўлган давомий уринишлари сабабли кутилган натижага эришилмади”, дейди Эрдўған.
У, шунингдек, “худди шундай, Туркия Эроннинг Форс кўрфазидаги қардош давлатларга ракета ва душман учувчисиз аппаратлари орқали уюштирган ҳужумларини, сабабларидан қатъи назар, қабул қилиб бўлмас деб ҳисоблашини” билдирган.
Эрдўған Эрон атрофидаги кескинлашув фонида ўз мамлакатининг чегара ва ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлашда ҳеч қандай қийинчиликлар йўқлигини қайд этган.
“Биз муаммоларни самарали ҳал қилиш учун қўлимиздан келган барча ишни қиляпмиз ва қиламиз. Бугун эрталабдан Ташқи ишлар вазиримиз, Миллий разведка ташкилоти раҳбари ва барча мутасадди шахслар ўз ҳамкасблари билан фаол алоқада бўлиб туришибди. Биз воқеалар ривожини диққат билан кузатиб боряпмиз. Чегараларимиз ва ҳаво ҳудудимиз хавфсизлиги борасида муаммоларимиз йўқ. Армиямиз, жандармериямиз, полициямиз ва разведкамиз барча зарур эҳтиёт чораларини кўрмоқда. Мамлакатимиз ва халқимиз хавфсизлигини биринчи ўринга қўядиган сиёсатга таяниб, ушбу вазиятни муваффақиятли енгиб ўтишимизга умид қиламиз”, дейди Эрдўған Истанбулдаги нутқи давомида.
У сулҳ ўрнатиш ва Эрон масаласи бўйича музокараларни қайта тиклаш учун дипломатияни зудлик билан фаоллаштириш кераклигини билдирган.
