Тошкент вилояти прокуратураси ходими катта миқдордаги пора билан қўлга тушди
Коррупция – манфаат эвазига хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш бўлиб, бугунги кунда у дунёнинг барча давлатларида энг катта хавф сифатида баҳоланади. Боиси, у жамиятда ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқариш билан бирга, фуқароларда эртанги кунга бўлган ишончни сўндиради. Шунинг учун ҳам ушбу иллат вайронкор куч сифатида қораланади.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида коррупцияга қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо, шоли курмаксиз бўлмаганидек, давлат хизматчилари орасида ўз халқумини ҳамма нарсадан устун қўйувчилар ҳам учраб турганлиги аччиқ ҳақиқат.
Хусусан, Тошкент вилояти прокуратурасининг девонхона нозири Ўртачирчиқ туманидаги якка тартибдаги тадбиркорга тегишли савдо дўконида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати бўйича аниқланган 276 млн сўмлик жаримани ваколатли танишлари орқали бартараф этиб бериш ва унга нисбатан чора кўрилмаслигини таъминлаш эвазига 9 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Шунингдек, девонхона нозири ҳозирда Наманган шаҳридаги нуфузли олийгоҳда ўқиётганлиги боис, талаб этилган пулни шу жойга олиб келиб беришни сўраган. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у 9 минг АҚШ долларини Наманган вилоятида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Ҳолат юзасидан Наманган вилояти прокуратураси томонидан ушбу шахс ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “в” банди ва 28,211-моддаси (пора бериш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, девонхона нозирига нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳурматли фуқаролар кундалик ҳаётда бу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз Давлат хавфсизлик хизматининг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.
