Қизиқ тадқиқот: эркак кўп ойлик олса туғилиш кўпаяр экан, аёл эса…
Маош миқдори фарзанд кўриш қарорига қандай таъсир қилади?
Тадқиқотга кўра, эркаклар ва аёлларнинг иш ҳақи ошиши туғилиш даражасига турлича таъсир кўрсатар экан. Бу ўзгаришлар асосан 30 ёш атрофида яққол кўзга ташланади.
Аёллар маоши ошса — туғилиш камаяди. Аёлларнинг иш ҳақи 5% га ошиши фарзанд кўриш кўрсаткичини қарийб 4% га камайтирар экан. Айниқса, юқори малакали аёлларда маош ошиши туғилишнинг янада кескинроқ камайишига сабаб бўлади. Сабаби, аёл киши қанча кўп маош олса, унинг иш вақти шунчалик қимматлашади. Фарзанд парвариши учун ишдан тўхташ у учун катта молиявий йўқотишга айланади.
Эркаклар маоши ошса — туғилиш кўпаяди. Эркак кишининг маоши 5% га ошиши туғилишни бироз бўлса-да (0.3% – 1.2%) оширади. Бунга сабаб, «даромад эффекти». Оила бошлиғининг даромади ошиши оилада моддий ишончни кучайтиради ва кўпроқ фарзандни боқиш имконияти борлигини англатади.
