АҚШ Эронга десант туширмоқчи, лекин “уран Мадуродан бироз оғирроқ” ва Эрон Венесуэла эмас

АҚШ Эронга десант туширмоқчи, лекин “уран Мадуродан бироз оғирроқ” ва Эрон Венесуэла эмас

2026 йилнинг март ойи бошида АҚШ ва Исроил томонидан Исфаҳон шаҳридаги объектларга ҳаво ҳужумлари уюштирилгани ҳақидаги хабарлар Эрон ядро дастури атрофидаги вазиятни янада чигаллаштирди. “The New York Times” нашрининг Америка разведкаси маълумотларига таяниб ёзишича, вайроналар остида қолган уран захираларининг назоратсиз қолиши ёки номаълум гуруҳлар қўлига ўтиши хавфи туғилган. Бу эса АҚШни уранни Эрон ҳудудидан олиб чиқиш ёки бевосита жойида нейтраллаштириш чораларини излашга мажбур қилмоқда.

Манбаларнинг таъкидлашича, Оқ уй айни пайтда иккита асосий сценарий устида бош қотирмоқда. Биринчиси – Америка махсус кучлари иштирокида уранни қўлга олиш ва мамлакатдан эвакуация қилиш бўлса, иккинчиси – объектнинг ўзида Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (МАГАТЕ) мутахассисларини жалб қилган ҳолда моддани зарарсизлантиришдир. Бироқ ҳар икки вариант ҳам халқаро ҳуқуқ ва ҳарбий стратегия нуқтаи назаридан ўта мураккаб ҳисобланиб, Эрон томонидан очиқдан-очиқ агрессия сифатида қабул қилиниши муқаррар.

Россиялик ҳарбий эксперт Юрий Кнутовнинг фикрича, бу вазиятда Ироқдаги каби кенг кўламли қуруқлик операциясини ўтказиш имконсиз, чунки ҳозирги АҚШ бундай катта таваккалчиликларга ва минглаб аскарлардан иборат коалиция тузишга тайёр эмас. Бунинг ўрнига эксперт десант операцияси эҳтимолини юқори баҳолайди ва буни 2026 йил бошида ўтказилган Венесуэла президенти Николас Мадурони ўғирлаш учун ишлаб чиқилган операцияга қиёслайди. Кнутовнинг қўшимча қилишича, бундай операциянинг муваффақияти учун албатта чалғитувчи ҳаракатлар талаб этилади. Масалан, Шимолий Каролинадаги 82-ҳаво-десант дивизияси машғулотларининг бекор қилиниши каби ҳолатлар рақиб эътиборини бошқа йўналишга буриш учун хизмат қилиши мумкин.

Ҳозирги кунда АҚШ ва Исроилнинг ҳаводаги мутлақ ҳукмронлиги, Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг заифлашгани операциянинг муваффақият имкониятларини оширади. Бироқ Эроннинг ракета салоҳияти ҳамон жиддий хавф бўлиб қолмоқда. Агар Теҳрон ўз ракеталари билан АҚШнинг минтақадаги базаларига зарба бера олса, бу вазиятни кескинлаштириш ва Американи мудофаага ўтишга мажбур қилиш учун ягона имконият бўлади.

Шу билан бирга, баъзи таҳлилчилар Мадурони қўлга олиш билан уранни олиб чиқиш операциясини солиштириб бўлмаслигини, чунки уран юқори радиацион хавфга эга модда эканини таъкидлашади. Ҳаттоки экспертлар орасида “уран Мадуродан бироз оғирроқ” деган ҳазиломуз иборалар ҳам пайдо бўлди, бу эса операциянинг логистик мураккаблигига – махсус контейнерлар ва радиациядан ҳимояланиш чоралари зарурлигига ишора қилади.

Агар ушбу режа амалга ошса, бу нафақат Яқин Шарқда, балки бутун дунёда кескин сиёсий реакцияларга сабаб бўлади. Россия ва Хитой Эронни қўллаб-қувватлаши, масала БМТ Хавфсизлик Кенгашида кескин муҳокама қилиниши шубҳасиз. МАГАТЕнинг иштироки режага маълум маънода легитимлик бериши мумкин, аммо Эрон учун бу барибир суверен ҳудудга бостириб кириш бўлиб қолаверади. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, АҚШнинг Эрон уранига нисбатан режалари геосиёсий қарама-қаршиликнинг энг юқори нуқтасидир. Экспертларнинг тахминлари ва тарихий мисоллар операциянинг техник жиҳатдан мумкинлигини кўрсатса-да, унинг сиёсий ва ҳарбий оқибатларини олдиндан айтиб бўлмайди. Бу жараён Яқин Шарқдаги тинчлик ва хавфсизлик мувозанатини бутунлай ўзгартириб юбориши мумкин.

 

Ғайратхўжа Ғаффорхўжа ўғли

Дўстларингизга ҳам юборинг: