Онадўлининг тилсиз гувоҳлари: турк гиламлари ва шолчаларининг минг йиллик ҳикояси

Онадўлининг тилсиз гувоҳлари: турк гиламлари ва шолчаларининг минг йиллик ҳикояси

Онадўли заминида тўқилган гилам ва шолчалар оддий уй-рўзғор буюмлари эмас, аксинча минг йиллик хотирани ўзида асраб келаётган тилсиз гувоҳлардир. Ҳар бир ип, ҳар бир нақш ортида инсон қалбининг бир парча ҳикояси яширинган: кўчманчи ҳаётнинг машаққатлари, ўтроқ турмушнинг гўзаллиги, эътиқод ва анъаналар, шунингдек, инсоннинг ички орзу-умидлари. Бу нақшлар гўё сўзсиз ёзилган китоб саҳифаларига ўхшайди.

Турк гиламчилик санъатининг илдизлари Марказий Осиёнинг оғир иқлим шароитларида ҳаёт кечирган кўчманчи жамоаларга бориб тақалади. Ўша даврларда одамлар гиламни фақат безак ёки ҳунар учун эмас, балки ҳаётий эҳтиёж юзасидан тўқиган. Чодирларни иссиқ ва қулай қилиш, яшаш муҳитини тартибга солиш мақсадида тўқилган бу гиламлар аста-секин санъат даражасига кўтарилди. Бу йўлнинг ёрқин далилларидан бири — Олтой тоғларидаги музликлар бағридан топилган Пазирик гилами. Милоддан аввалги V асрга мансуб бу ноёб асар 1,89 × 2 метр ўлчамга эга бўлиб, ҳар 10 см² майдонда 36 000 та тугун мужассам. Бу эса ҳатто замонавий технологиялар шароитида ҳам эришиш ниҳоятда мушкул бўлган усталик маҳоратидан далолат беради. Гилам юзасида тасвирланган отлиқ жангчилар, буғулар ва афсонавий мавжудотлар ўша давр санъатининг нақадар юксак даражада ривожланганидан дарак беради.

Минтақавий фарқлар: ранглар ва нақшлар географияси

Онадўлининг ҳар бир ҳудуди ўзининг жўғрафияси, ўсимлик дунёси ва маданий хотирасини гилам ва шолчалар орқали ўзига хос “тил”да ифодалайди. Тугун зичлигидан тортиб, бўёқ таркибигача бўлган ҳар бир тафсилот ўша жойнинг ҳаёт тарзини сокин, аммо чуқур ҳикоя қилиб беради.

Сарой санъатининг чўққиси: Ҳереке

Ҳереке нафақат Онадўли, балки бутун дунёдаги энг нуфузли тўқимачилик марказларидан бири сифатида танилган. Бу ер “сарой гиламчилиги” нинг ёрқин намунасидир. Гурдес тугуни (икки қаватли тугун) билан тўқилган ипак гиламлар бир квадрат метрда миллионлаб тугунларни ўзида мужассам этиши мумкин. Нақшлардаги “Етти тоғ гули” каби табиатдан илҳомланган чизиқлар сарой санъатига хос нафислик ва нозикликни ўзида акс эттиради.

Санъат ва сабр уйғунлиги: Кайсери (Бунян ва Яҳяли)

Кайсери тўқимачилиги икки хил руҳни ўзида жамлаган. Бунян гиламлари пахта ва жундан тўқилиб, нозик ва нафис гуллар билан безалади — бу “шаҳарлик” эстетикасини эслатади. Яҳяли гиламлари эса тўлиқ жун таркиби ва геометрик нақшлари билан кўпроқ қишлоқ руҳини, табиатга яқинликни ифодалайди.

Кўчманчилик ва тоғли ҳудуд руҳи: Ҳаккари ва Ван

Шарқий Онадўлининг тоғли ҳудудларида гиламдан кўра шолча маданияти устун. Бу ерда “бўри оғзи”, “чаён” ва “қўчқор шохи” каби ҳимоя рамзлари кучли ва аниқ шаклларда ифодаланади. Қора, тўқ жигарранг ва табиий оқ рангларнинг қўлланилиши эса ҳудуднинг табиат билан узвий ва бевосита боғлиқлигини кўрсатади.

Кўчманчи туркларнинг қатъий ва жўшқин руҳи: Бергама

Бергама гиламларига қарасангиз, гўё кўчманчи туркларнинг ўзи билан юзлашгандек бўласиз. Уларда ҳаётнинг ўзига хос қатъийлиги ва жўшқинлиги сезилиб туради. Гиламдаги тўқ қизил ва тўқ мовий ранглар чидам ҳамда бардошни ифодалайди.

Козак ва Яғжибедир каби жойларда эса гиламлар янада бошқача руҳга эга. Тугунлар ниҳоятда зич, ҳар бир нақш эса авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадимий тимсолларга ўхшайди. Уларга қараб, гўё ўтмишнинг нафаси ҳанузгача яшаётганини ҳис қиласиз.

Мовий ва қизил мерос: Анталия (Дўшемеалтı)

Торос тоғларида яшаган кўчманчи халқлар меросини ўзида сақлаган Дўшемеалтı гиламлари тўқ кўк (индиго) ва илдиз бўёқларидан олинган қизил ранглари билан ажралиб туради. “Ҳалелли” ёки “Топлу” нақшлари эса яйлов ҳаётининг мавсумий ритмини ҳар бир тугунда акс эттиради.

Ҳар бир тугунда бир сир

Бу қадимий анъанада энг кичик бирлик — мотив, мотивлар уйғунлиги эса нақшни ташкил этади. Тўқувчи дастгоҳ олдига ўтирар экан, у фақат ипларни боғламайди. У ўз орзуларини, ижтимоий ҳолатини, эътиқодини ва ички туйғуларини ҳам шу нақшлар орқали ифодалайди.

Аёлликнинг энг соф ифодаси: Эли белинде мотиви

Онадўли тўқимачилигида қўлларини белига қўйган аёл тасвири — минг йиллик аёл ва оналик рамзидир. Бу мотив фақат оналикни эмас, балки барака, омад ва ҳаёт қувончини ҳам ифодалайди. Унинг илдизи қадимий “она маъбуда” эътиқодига бориб тақалади. Қадимда ҳаёт фақат аёлдан бошланади, деган қарашлар бўлган ва Афродита, Кибеле, Артемис ҳамда Иштар каби маъбудалар барака манбаи сифатида улуғланган. Бугунги гиламлардаги “эли белинде” мотиви эса ана шу қадимий қарашларнинг давомидир.

Поклик ва хушхабар тимсоли: ибрик (обидаста)

Ибрик мотиви илк қарашда оддий тасвирдек туюлса-да, Онадўли тимсолида чуқур рамзий маънога эга. Сув билан боғлиқлиги сабабли у поклик, тозалик ва ҳаёт манбаини ифодалайди.

Шу билан бирга, унинг энг нозик маъноси — ҳомиладорликка ишора қилишидир. Тўқувчи аёл ибрик мотиви орқали янги ҳаёт ҳақидаги хушхабарни ёки шу йўлдаги умидини сокин тарзда ифодалайди.

Сув қандай қилиб тана ва руҳни янгиласа, ибрик ҳам фазилат, донишмандлик ва эзгулик тимсоли сифатида қадрланади.

Гилам — бу фақат босиб юриладиган буюм эмас. У асрлар давомида шаклланган маданиятни ўзида асраб, авлоддан-авлодга етказиб келаётган ўлмас хотирадир. Ундаги ҳар бир эскирган жой эса ўтган замонларнинг сокин гувоҳидир.

Дўстларингизга ҳам юборинг: