Қонга беланган 50 минг сўм ёки дорихонадаги «қатл»
Дорихона. Навбат. Пештахта олдида қўллари титраб турган пенсионер. — 150 минг сўм бўлади, — деди дорихоначи совуққонлик билан.
Чол калтакдек озиб кетган бармоқлари билан чўнтагини ковлади. У ердан чиққан бори-йўғи 50 минг сўм эди. Ғижимланган, тер босган, йиллар давомида ҳалол меҳнат билан топилган, аммо бугун ҳеч нарсага етмайдиган бечора пуллар…
— Пулим етмас экан… — пичирлади у. Кейин нимадир ёдига тушдими, умид билан шивирлади: — Дорилар арзон бўлади дейишганди-ку, болам?
Дорихоначи жавоб бермади. Унинг нигоҳида на раҳм бор, на ҳис. У шунчаки рақамларни билади. Чолнинг боши айланди. Кўз олди қоронғилашиб, ичидаги оғриқдан кўра ор-номус кучлироқ азоб бера бошлади.
«Шу дорини ичмасам ўлиб қўяқолай. Яшаб ҳам тўйдим», деди-ю, эшик томон йўналди.
Йиқилган миллат қадри
Эшик остонасида чол қоқилди. Гурс этиб ерга тушди. Юзтубан. Ҳассаси бир томонга, орзулари бир томонга учиб кетди. Қўлидаги ўша «қадрсиз» 50 минг сўм сочилиб кетди. Оғиз-бурни қонга беланди. Ер юзидаги қон билан ғижимланган пуллар аралашиб кетди.
Икки йигит уни суяб, поликлиникага судраб кетаётганида ҳам, чол титраб битта гапни такрорларди: «Дорилар арзон бўлади дейишганди-ку…»
Бу — фожиа. Бу — бизнинг бугунги кунимиз. Бизда қариялар Европадаги тенгдошлари каби дунё кезмайди. Улар дорихона ва поликлиника орасидаги «ажал йўлаги»да сарсон. Улар дорига пул топса — байрам, топмаса — ўлимни орзу қилади.
Келажакдаги ўзингга назар сол!
Бу воқеага бефарқ қараётган амалдор, тадбиркор, оддий йўловчи — тўхта! Бу чолнинг ўрнида эртага сен бўласан. Бу хунук тақдир сени ҳам дарвозанг олдида пойлаб турибди. Ундан қочиб қутулолмайсан. Сен бугун қурган тизим эртага сенинг бўғзингдан бўғади.
Бизга муносиб жамият керак. Лекин муносиб жамиятни қўрқоқлар ва лаганбардорлар қуролмайди. Уни яратиш учун ҳақиқатни айта оладиган жасоратли инсонлар керак!
Сўнгги ҳукм
Қачонгача миллатнинг қонини ичаётган коррупционерлар беш юлдузли меҳмонхоналарда кайф-сафо қилади-ю, умрини ватанига берган чоллар дорихона остонасида қон қусиб йиқилади?
Хулоса битта: Халқнинг дорисидан, ризқидан, ҳаққидан ўғирлаётган коррупционерларга — ЎЛИМ ЖАЗОСИ жорий қилиниши шарт!
Агар бугун уларнинг қўлини кесмасак, эртага улар бутун миллатнинг бўғзини кесади. Бугун ўша ерда сочилиб ётган қон фақат чолники эмас, бизнинг виждонимизнинг қони эди.
Раҳимжон Раҳмат
