19 ёшли ҳайдовчи ўқувчини уриб юборди, етмаганига…
Тошкент шаҳрида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, унда мактаб ўқувчиси жабрланди. Воқеа ҳайдовчининг масъулиятсиз ҳаракати сабабли янада жиддий тус олгани айтилмоқда.
Маълум қилинишича, ҳодиса 20 апрель куни пойтахтнинг Олмазор туманидаги Келес йўли кўчасида рўй берган. Кадрларда икки нафар бола йўлни кесиб ўтаётгани, шу пайт улардан бири автомобил остига тушиб қолгани акс этган.
Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида ҳайдовчининг шахси аниқланган. У 19 ёшли йигит экани маълум бўлди.
Ҳайдовчининг таъкидлашича, у болаларни пайқагандан сўнг сигнал берган, улардан бири тўхтаган, аммо иккинчи бола чалғиб, кутилмаганда йўлга югуриб чиққан. У тўқнашувнинг олдини олишга уринган, бироқ буни уддалай олмаган.
Шунингдек, у ҳодисадан сўнг саросимага тушиб, шок ҳолатида ҳаракатни давом эттирганини айтган. Кейинчалик тўхтаб, ўзига келгач, воқеа жойига қайтишга қарор қилган, аммо бу вақтда жабрланувчини тез ёрдам хизмати олиб кетган бўлган.
Орадан кўп ўтмай, ҳайдовчи ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилиб, содир бўлган ҳодиса ҳақида хабар берган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддаси (йўл ҳаракати қоидаларини бузиш оқибатида тан жароҳати ёки моддий зарар етказиш) ҳамда 137-моддаси (йўл-транспорт ҳодисаси жойини тарк этиш) бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Мутахассислар таъкидлашича, жабрланувчининг жароҳат даражасига қараб иш маъмурий ёки жиноий тартибда кўриб чиқилади. Агар тан жароҳати енгил бўлса — маъмурий чоралар кўрилади, акс ҳолда жиноий иш қўзғатилиши мумкин.
Мазкур ҳолат яна бир бор ҳайдовчиларни эҳтиёткор бўлишга, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.
