Эрон Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш учун жорий этилган божлардан илк даромадларни қабул қилиб олди
Бу ҳақда мамлакат парламенти раиси ўринбосари Ҳожи Бобий маълум қилди.
«Ҳўрмуз бўғозидан транзит учун божлардан олинган дастлабки маблағлар Эрон Марказий банки ҳисоб рақамига келиб тушди», — деди эронлик расмий.
22 март куни Эрон Ҳўрмуз бўғозидан ўтаётган кемалардан тўлов ундиришни бошлашини эълон қилганди. Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси аъзоси Алоуддин Боружердий ушбу чора бўғоздаги “янги суверен режим”ни ифодалашини таъкидлаганди.
Financial Times нашрининг ёзишича, Эрон бўғоздан ўтаётган танкерларга эгалик қилувчи компанияларидан маблағ йиғишда криптовалютадан фойдаланмоқда. Газета маълумотларига кўра, транзакцияларни яшириш ва санкциялар хавфини камайтириш мақсадида тўловлар биткоинда амалга оширилиши талаб қилинмоқда.
Эрон нефт, газ ва нефть-кимё маҳсулотлари экспортчилари иттифоқи вакили Ҳамид Ҳусайний Теҳрон танкерлардан ҳар бир баррел нефт учун 1 доллардан ҳақ олишини билдирган.
