Швецияга Россия ҳужум қилса, унинг ҳудудидаги нишонларга зарба беришни режалаштирмоқда
Швеция ҳаво кучлари Россия томонидан ҳужум қилинган тақдирда фақат мудофаа билан чекланиб қолмасликни режалаштирмоқда. Швеция ҳаво кучларининг Ҳаво уруши маркази раҳбари полковник Карл Бергквист мамлакатнинг янги ҳаво стратегияси ҳақида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, янги концепция душман ҳудудининг чуқур қисмидаги нишонларга зарба бериш имкониятини ҳам назарда тутади. Бергквист бу превентив ҳужум эмас, балки эҳтимолий тажовузкорга уруш фақат Швеция ҳудуди билан чекланиб қолмаслигини олдиндан англатишга қаратилган тийиб туриш стратегияси эканини таъкидлаган.
Стокгольм янги ёндашувни шакллантиришда Украина тажрибасини ҳам инобатга олмоқда. Швеция ҳарбийлари фикрича, аэродромлар, қўмондонлик пунктлари ва логистика объектларига узоқ масофадан зарба бериш рақибнинг ҳарбий салоҳиятини урушнинг дастлабки босқичларидаёқ издан чиқаришга хизмат қилиши мумкин.
Швеция режаларида «Грипен» қирувчи самолётларининг узоқ масофага зарба бериш имкониятларини кучайтириш, жумладан, 500 километрдан ортиқ масофага учадиган «Таурус» ракеталарини интеграция қилиш масаласи ҳам тилга олинган. Шунингдек, ҳарбийлар ҳукуматдан 2000 километргача масофага эга ракеталар олишни сўрамоқда. Стокгольмдан Москвагача бўлган масофа тахминан 1200 километрни ташкил этади.
