ГУНОҲКОРНИ ШАЙТОНГА ҚЎШИЛИБ УРМАНГ!

ГУНОҲКОРНИ ШАЙТОНГА ҚЎШИЛИБ УРМАНГ!

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга бир кишининг муттасил хамр ичаётгани ҳақида хабар етди.

Бу хабарни эшитган заҳоти у зот нима қилдилар? Уни эл ичида шарманда қилмадилар, номини ошкор этиб лаънатламадилар. Балки, адашган қалбни қутқариш учун қисқа, аммо маъноси тоғларни титратадиган мактуб ёздилар:

«Мен сени Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга ҳамд айтишга чақираман. У гуноҳни мағфират қилувчи, тавбани қабул этувчи, азоби қаттиқ ва эҳсони кенг Зотдир… Қайтиш фақат Унинг ҳузуригадир».

Ҳалиги киши мактубни ўқир экан, кўз ёшларини тўхтата олмади. Гуноҳининг нақадар оғирлигини ҳис қилиб, Аллоҳга чин дилдан тавба қилди. Буни эшитган Ҳазрати Умар атрофидагиларга бебаҳо дарс бердилар: «Биродарингиз йиқилганини кўрсангиз, унга қарши шайтонга ёрдамчи бўлманг! Уни тўғри йўлга бошланг ва тавбаси учун дуо қилинг».


📍 ХУЛОСА: Дин — йиқилганни тепиш эмас!

Дин инсонларни шарманда қилиш учун келмаган. Дин — қалби синиқларни тиклаш ва гуноҳкорни жаҳаннамдан қутқариш учун қўлидан тутишдир. Биргина ширин сўз инсонни ҳидоятга бошлаши, биргина заҳарли сўз эса янги бир «шайтон»ни яратиши мумкин. Зеро, Аллоҳ Таоло буюради: «Одамларга яхши гаплар айтинг» (Бақара сураси, 83-оят).


💰 РИЗҚ ҲАҚИДАГИ АЧЧИҚ ҲАҚИҚАТ

Бизга ризқ берувчи — Аллоҳ. Лекин У ризқни тўғридан-тўғри оғзимизга ташлаб қўймайди. Бизнинг вазифамиз — ҳаракат, Аллоҳнинг иши — муваффақият!

  • Айюб алайҳиссалом: Сурункали оғир дардда бўлсалар ҳам, Аллоҳ у зотга: «Оёғинг билан ерни теп!» деб буюрди. Шифо суви ўша ҳаракатдан кейин чиқди.

  • Биби Марям: Энг қийин лаҳзада — тўлғоқ азобида бўлишига қарамай, Аллоҳ унга: «Хурмо шохини ўзингга қараб силкит!» деди.

Муқаддас Зот хурмони унинг қучоғига шунчаки ташлаб қўймади. Ҳатто мадори қолмаган аёлга ҳам «ҳаракат қил» деди. Демак, интилиш ва ҳаракат — биздан, барака эса — Холиқдандир!


Эй Аллоҳим! Бизни яхшилик эшигининг калитлари, ёмонлик эшигининг қулфлари қилгин… Бандаларингга қарши бизни шайтонга ёрдамчи қилиб қўймагин.

✍️ Муаллиф: Умида Абдуқодирова

Дўстларингизга ҳам юборинг: