Азамат Аҳроров уйланганини нега йиллар давомида сир сақлагани, тўйида юз берган пичоқбозлик ва қиморга боғланиб қолгани ҳақида сўзлаб берди

Азамат Аҳроров уйланганини нега йиллар давомида сир сақлагани, тўйида юз берган пичоқбозлик ва қиморга боғланиб қолгани ҳақида сўзлаб берди

Таниқли актёр ва режиссёр Азамат Аҳроров ҳамда унинг турмуш ўртоғи Дилноза Аҳророва YouTube’даги “Иккаламиз” кўрсатувига берган интервьюсида актёр нима сабабдан оила қурганини мухлислардан сир сақлаб келгани, оилавий қийинчиликлар ва ўтмишдаги хатолари ҳақида  сўзлаб беришди.

“Ҳар хил фитналардан қочиш мақсадида оила қурганимизни оммага билдирмаганмиз”

Азамат Аҳроров уйланганини узоқ вақт жамоатчиликдан яширишига жиддий сабаб йўқлигини айтиб, бу қарорга келишга қарор қилганига ойдинлик киритди:

— Аслида уйланганимни беркитишимга жиддий сабаб бўлмаган. Оила қурмасдан ижодни бошлаганимиз учун кўп мухлисларимиз буни қабул қила олмаслиги мумкин эди. Ундан ташқари, тез-тез одамларнинг муҳокамасига учраб турардим. Қолаверса, ҳаётимда севган инсонимнинг фикрини бузиши мумкин бўлган қизлар ҳам йўқ эмасди. Ҳар хил фитналардан қочиш мақсадида оила қурганимизни оммага билдирмаганмиз. Фақат қизли бўлганимдан сўнг, аёлим учун ишлаган фильмим премерасида уйланганимни ҳаммага айтганман.

Тўйда юз берган жанжал ва пичоқбозлик ҳақида

Хоразмда ўтган тўй маросими кутилмаган фожиа билан якунланишига сал қолган. Актёр ўшанда кутилмаган жанжал сабаб қочишга мажбур бўлганини эслайди:

— Хоразмда тўй қилганмиз. Унга бир ярим мингдан ортиқ яқинимиз келган. Фақат меҳмонлардан видеога олсалар ҳам, ижтимоий тармоқларда тарқатиб юбормасликни сўраганман. Кўча ҳаётида кўп бўлганим сабабли, атрофимдагилар ҳам шунга мос инсонлар эди. Афсуски, тўйнинг иккинчи қисми бошланишида кутилмаганда уруш чиқиб, пичоқбозлик бўлиб кетган. Ўшанда 14 нафар дўстим билан битта Nexia’га ўтириб, тўйни ташлаб Хоразмдан қочиб келганмиз. Кейин қайнотамга қўнғироқ қилиб: “Имкони бўлса, аёлимни ёнимга юборинг. Ёзув-чизувлар тўхтаб, ҳаммаси тинчиса, яна Хоразмга борамиз”, деганман. Шу сабаблар билан мухлисларга уйланганимни айтиш уч-тўрт йилга чўзилиб кетди, дейди Азамат Аҳроров.

​Актёр рафиқасининг тўйни оммадан сир сақланишга муносабати қандай бўлган?

Дилноза Аҳророва ўз навбатида, турмуш ўртоғининг қарорини нима сабабдан қўллаб-қувватлагани ва бу оила иқтисодига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида тўхталди:

— Турмуш ўртоғимни ҳурмат қилганим, касбини тушунганим ва ёнимдаги инсонни яхши таниганим учун бир-биримизни тушуниб, оила қурганимизни оммага айтмаганмиз. Қолаверса, мен учун одамларнинг фикри эмас, ўз ҳаётим муҳим бўлган. Шунда ҳам кўча-кўйда бемалол бирга юрар эдик. Фақат телевизорга чиқиб эр-хотинмиз, демаганмиз, холос.

Жуфтликнинг илк танишуви ҳақида:

Азамат Аҳроров: “Аёлим билан кино кастингга келганида танишганмиз”

— Кинорежиссёр ва продюсер сифатида ишлаб юрганимда, аёлим фильмларда суратга тушиш ниятида келган. Хўп, деб, икки-учта лойиҳада кичик эпизод роллар бериб синаб кўрганман. Ўша пайт қарасам, уйланса бўладиган, яхши қиз экан. Менга қўшиқчи бўлиш истаги борлигини айтган, ростдан ҳам ашулаларни яхши айтарди. Кейин унга иккита қўшиқ тайёрлаб бердим. Ундан ташқари 100 га яқин тўйбоп тароналар ҳам ҳозирлагандик. Аёлим ўшанда “энди тўйларга чиқаман”, деб ўйлаган. Вақтинча шу билан овора бўлиб турсин, деб қўшиқлар қилдириб, пулини тўлаб турганман.

Орада бир-икки аёлларнинг тадбирига борди, лекин унинг қўшиқчилиги менга тўғри келмас экан. Шунинг учун Дилнозага “қўшиқчиликдан кўра актриса бўлсанг, тезроқ таниласан”, дедим. Кейин “Ўзбекфилм” билан ҳамкорликда “Лолагулим” деган фильмни суратга олдик, унда аёлим ҳам рол ижро этди. Суратга олиш ишлари тугаганидан сўнг унга уйландим. Кейин ёши катта акалар фарзандли бўлсак, аёлим тарбия билан банд бўлиб, ўз-ўзидан санъатдан узоқлашишини, шунинг учун “ишламайсан” деб тақиқ қўймасам ҳам бўлишини айтишди. Шу маслаҳатларга амал қилиб уч фарзандли бўлдик. Болалар билан машғул бўлиб, ҳали-ҳануз санъатга қайтишга вақти бўлмади.

Дилноза Аҳророва:

— Бошида уларнинг ҳаётида қизлар жуда кўп эди. Эримни тинч қўймай офисга, ҳатто уйимизгача келишарди. Эримни менга ёмонлаб, бир-биримиз билан уруштириб кетадиганлар ҳам бўлган. Оила қурганимизни яширганимизнинг асл сабаби мана шундай воқеалардан қочиш эди. Барибир шундай ҳолатлар кузатилди, шунинг учун кейинчалик ҳаммасини вақт ҳукмига ташлаб қўйдик. Турмуш ўртоғимнинг ўзи продюсерим бўлиб, кино ва қўшиқларимни олиб берарди. Фарзандли бўлганимиздан кейин ишларим ўз-ўзидан четга сурилди.

“Қиз фарзандли бўлганимдан сўнг қизлар билан юришни йиғиштирганман”

— Аёлимнинг характери ҳам ўзимга ўхшайди. Кўп қизларни ушлаб олиб урган. Яширмайман, қиз фарзандли бўлганимдан кейин ўзим ҳам бегона қизлар билан юришга уяла бошладим. Кимдир хабар берарди, кейин хотиним қўлида “бутилка” билан келиб, жанжал кўтарарди. Шулардан сўнг шарманда бўлавермасликнинг йўли шу эканини тушундим. Иккаламиз келишиб олганмиз, шундан бери “ўнг-чап” га бурилмайман, дейди актёр ва продюсер Азамат Аҳроров.

Дилноза Аҳророва: “Ё сиз тўхтайсиз, ёки мен, бошқа вариант йўқ”

— Охирги марта қизим олти ойлигида катта жанжал бўлган. Ўшанда жаҳлим чиқиб: “Ё сиз тўхтайсиз, ёки мен, бошқа вариант йўқ”, деганман. Шундан буён, Худога шукр, ҳаммаси яхши. Ҳозир бундай ишлар қилмайди, чунки ўртада учта фарзандимиз бор. Болаларини қанчалик яхши кўришини биламан. Ўзлари ҳам: “Ҳаромдан қўрқаман, чунки у фарзандларимга уриши мумкин”, дейди актёрнинг рафиқаси.

Азамат Аҳроров:“Эркакни ёмон ҳаёт синдиради”

— Эркак ҳаётини ёмон одатлар (ичкилик, аёллар, қимор) синдиради. Мен бошқа ёмон одатларимни ташладим, лекин шу қимордан ҳали ҳам чиқиб кета олмаяпман. Лекин бунинг орқасидан оила боқмайман, шунчаки ўйинчиман. Баъзан йиллаб ўйнамаслигим ёки ҳар куни ўйнашим мумкин. Ўйлаб қаралса, ҳаётимнинг ўзи қимор бўлиб ётибди. Олти ёшимда PlayStation’да футбол ўйнасак ҳам пулга ўйнардик. У пайтда бунинг қиморлигини билмаганмиз, ким ютқазса, ўша пул тўларди. Тошкентга келгач, бу ҳақда билдим, дейди актёр.

 

Манба

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: