Ўзбекистонда “дача”лар хатловдан ўтказилиб, ижара нархлари назоратга олиниши кутилмоқда
Бу бўйича Президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Унга кўра, Туризм ва Солиқ қўмиталари 2026 йил якунига қадар “дача”ларни тўлиқ хатловдан ўтказиши ва улар тўғрисидаги маълумотларни ягона платформага киритиши кўзда тутилган.
2027 йил 1 январдан эса “дача”лар томонидан кўрсатиладиган хизматларнинг нархини Миллий туризм ягона платформасига доимий киритиб боришни мажбурий қилиш режалаштирилмоқда.
Қарор лойиҳасига кўра, туристик дала ҳовлиларда хизмат кўрсатиш учун алоҳида лицензия ёки рухсатнома олиш талаб этилмайди. Бироқ платформага киритилмаган ва ноқонуний фаолият юритган объектларга жарима солинади. Бу ҳақда хабар берганларга ундирилган жариманинг 30 фоизи миқдорида мукофот пули берилади.
