Туркияда 26 шаҳарни қамраб олган улкан маданият фестивали бошланди
Туркия фестиваллар ва очиқ осмон остидаги саҳна чиқишларига бой дастури билан миллонлаб сайёҳларни ўзига жалб қилишда давом этмоқда. Европа Фестиваллар Уюшмаси (EFA)нинг нуфузли аъзоси бўлган “Маданият йўли фестиваллари” бу йил ҳам кенг кўламли дастур асосида ўтказилмоқда. Фестивал 26 шаҳарда ташкил этилиб, маҳаллий ва халқаро томошабинларни бетакрор маданий саёҳатга чорлаб, мамлакатнинг бой маданий меросини янада чуқурроқ ўрганиш имконини беради.
Фестивал 25 апрельда Шанлиурфада бошланган бўлиб, 15 ноябрь куни Адана шаҳрида якунланади. Дастур доирасида концертлар, кўргазмалар, театр, ва опера томошалари, ижодий суҳбатлар ҳамда турли устахона машғулотларини ўз ичига олган минглаб тадбирлар бўлиб ўтади.
Ёш авлоднинг санъатга эрта қизиқишини шакллантириш мақсадида фестивал доирасида болалар учун ранг-баранг устахоналар, саҳна чиқишлари, очиқ осмон остидаги ўйин майдончалари ва таълим машғулотлари ташкил этилади.
2026 йилги дастурнинг яна бир муҳим жиҳати гастрономик ташаббуслардир. Ҳар бир фестивал шаҳри учун маҳаллий таомлар ва ошхона анъаналарини аниқлаш мақсадида мутахассислар кенгашлари тузилади ва ҳудудга хос энг сара лаззатлар асосида махсус гастрономик йўналишлар шакллантирилади. Бундан ташқари, ҳар бир вилоятда маҳаллий ошхона меросини тарғиб қилиш учун “Шаҳар ошпази” тайинланади. Ушбу доирада ўтказиладиган дегустация тадбирлари ва махсус гастрономик саёҳатлар самимий ва унутилмас таассуротлар бахш этади.
2026 йилги мавсум эса 234 кун давом этиб, мамлакат бўйлаб 26 та вилоятни қамраб олиши билан ҳар қачонгидан энг сермазмун ва энг кенг қамровли бўлиши кутилмоқда.
2026 йил дастурида қуйидаги шаҳарлар иштирок этади: Шанлиурфа, Айдин, Мерсин, Эскишеҳир, Маниса, Трабзон, Самсун, Бурса, Сакаря, Ван, Коня, Невшеҳир, Малатя, Эрзурум, Орду, Чанаккале, Кайсери, Каҳраманмараш, Анкара, Истанбул, Газиантеп, Диярбакир, Мардин, Измир, Анталя ва Адана.
Шунингдек, бу йил дастурга илк бор қўшилган шаҳарлар қаторига Айдин, Эскишеҳир, Каҳраманмараш, Мерсин, Орду ва Сакаря киради.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, Туркия Маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилаётган “Туркия Маданият йўли фестиваллари” илк бор 2021 йилда Бейўғли Маданият йўли фестивали билан бошланган бўлиб, қисқа вақт ичида бутун мамлакат бўйлаб кенгайди.
2025 йилга келиб фестивал 20 та шаҳарга етиб борди. 180 кун давом этган 9 645 та маданият ва санъат тадбирларида жами 50 400 нафар санъаткор иштирок этди. Бу эса унинг нақадар йирик маданий ҳаракатга айланганини яққол кўрсатади.
2027 йилга бориб, Баликесир, Денизли, Ҳатай, Кожаели, Муғла ва Текирдағ вилоятлари қўшилиши билан фестивал қамрови 32 та шаҳарга етиши режалаштирилган.
