БАА фуқароларига уч давлатга сафар қилиш чеклаб қўйилди
Бирлашган Араб Амирликлари Ташқи ишлар вазирлиги минтақадаги кескинлашиб бораётган вазият сабабли янги чеклов жорий қилди. Унга кўра, мамлакат фуқароларининг Эрон Ислом Республикаси, Ироқ Республикаси ва Ливан Республикасига сафар қилишлари вақтинча қатъиян тақиқланди.
Вазирлик баёнотида ушбу қарор минтақада юз бераётган сўнгги сиёсий ва хавфсизлик билан боғлиқ ўзгаришлар билан изоҳланган. Расмийлар мазкур ҳудудларда хавф даражаси ортгани боис фуқаролар ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа эканини таъкидлаган.
Шунингдек, айни пайтда ушбу уч давлат ҳудудида бўлиб турган БАА фуқароларига зудлик билан ватанга қайтиш тавсия этилди. Бу чоралар фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва фуқароларни мумкин бўлган хавфлардан ҳимоя қилиш мақсадида қабул қилинган.
Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги фуқаролар билан доимий алоқада бўлиб, уларнинг ҳолатини кузатиб боришини билдирди. Шунингдек, барча фуқаро ва саёҳатчиларга берилаётган расмий огоҳлантиришларга қатъий амал қилиш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Мазкур қарор БААнинг фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган сиёсатининг бир қисми экани ҳам урғуланди.
