Россия-Украина урушига ёлланганлар ичида энг кўп ўзбекистонликлар ҳалок бўлмоқда
Truth Hounds ҳамда бир қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳисоботига кўра, Россия армияси таркибида жанг қилган хорижликлар орасида энг кўп ҳалок бўлганлар ўзбекистонликлар экани қайд этилган. Тадқиқотда 2022 йилдан буён Россия камида 130 дан ортиқ давлат фуқароларини ҳарбий хизматга жалб қилгани айтилади.
Ҳисоботга кўра, камида 481 нафар Ўзбекистон фуқароси урушда ҳалок бўлган бўлиб, бу хорижликлар орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Шунингдек, мигрантлар кўпинча босим, алдов ва мажбурлаш орқали ҳарбий шартномаларга жалб қилингани, кейинчалик эса хавфли фронт ҳудудларига юборилгани таъкидланган.
