ЗАНЖИРДАГИ АМИР
УЧ КУНЛИК ТУТҚУНЛИК ВА БИР УМРЛИК ИЙМОН: САМОМА ИБН УСАЛНИНГ ҲИДОЯТИ
У зот Ямоманинг амири эди. Сўзи қиличдек ўткир, амри муҳокама қилинмасди. Аммо қалбида биргина нафрат бор эди — Муҳаммад алайҳиссалом ва у зот келтирган динга нисбатан аёвсиз нафрат.
Бир куни мусулмон отлиқлар Мадина атрофида нотаниш бир кишини асир олдилар. Унинг кимлигини билишмади, аммо Расулуллоҳ ﷺ уни кўрганларидаёқ танидилар: — «Биласизларми, кимни ушлаб келдингиз? Бу — Самома ибн Усалдир. Унга яхши муомалада бўлинглар!»
Мадина масжидининг устунига боғланган асир амир учун кутилмаган воқеалар бошланди. Қилич билан қўрқитиш ўрнига, Пайғамбар алайҳиссалом уйларидан овқат жамлашни ва ўз туяларининг сутини унга ичиришни буюрдилар.
Биринчи кун.
Расулуллоҳ ﷺ унинг олдига мулойимлик билан келиб сўрадилар: — «Нима дейсан, эй Самома?» Самома ғурур билан жавоб берди: — «Менда яхшилик бор, эй Муҳаммад. Агар мени ўлдирсанг — қон эгаси бўлган (обрўли) кишини ўлдирган бўласан. Агар кечирсанг — миннатдорликни биладиган кишини кечирган бўласан. Агар мол истасанг — сўраганингни бераман». Расулуллоҳ ﷺ индамадилар, уни ўз ҳолига ташлаб кетдилар.
Иккинчи кун.
Яна ўша савол ва яна ўша мағрур жавоб. Аммо масжид устунига боғланган Самома энди фақат гапирмас, балки кўрарди. У мусулмонларнинг бир сафда, худди бир танадек намоз ўқишини, азоннинг юракни эритувчи садосини, Расулуллоҳ ﷺнинг тилларидан тўкилаётган Қуръон оятларини эшитарди. Дунёнинг энг қудратли кишиси унинг олдига келиб, асир бўлишига қарамай, унга инсон сифатида иззат кўрсатаётганига гувоҳ бўлди. Самоманинг нафратдан музлаган қалби эрий бошлади.
Учинчи кун.
Расулуллоҳ ﷺ яна келдилар: — «Нима дейсан, эй Самома?» Бу сафар Самоманинг овозида аввалги кескинлик йўқ эди: — «Ўша гапим — гап…» — деди у паст овозда.
Шунда борлиқнинг Сарвари саҳобаларга юзландилар: — «Самомани озод қилинглар!»
На товон сўралди, на шарт қўйилди. Самома озод эди. Лекин у кетмади. Масжид яқинидаги бир боққа бориб, ювиниб-покланди-да, қайта масжидга кириб келди. Бу сафар у боғланган асир эмас, балки муҳаббат асири эди:
«Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммадан Расулуллоҳ!»
Сўнг Пайғамбаримизга қараб, юрагидаги ҳақиқатни тўкиб солди: — «Эй Муҳаммад! Аллоҳга қасамки, ер юзида мен учун сизнинг юзингиздан кўра ёмонроқ юз йўқ эди, ҳозир эса юзингиз мен учун энг севимлидир. Динингиздан кўра нафратлироқ дин йўқ эди, ҳозир у мен учун энг қадрлидир. Шаҳрингиз мен учун энг ёқимсиз макон эди, энди эса у мен учун энг суюкли ватандир!»
Муҳаббатнинг қудрати
На қилич ишлатилди, на таҳдид қилинди. Фақатгина набавий ахлоқ бир лаҳзада душманни дўстга, асирни амирга айлантирди.
Самома умрага йўл олди. Макка мушриклари қаршисида баралла талбия айтган илк мусулмон бўлди. Унинг иймони фақат сўзда эмас, амалда эди. Ўз юрти Ямомага қайтгач, Қурайшга иқтисодий қамал эълон қилди: — «То Муҳаммад ﷺ рухсат бермагунларича, сизларга Ямомадан бир дона дон ҳам бормайди!»
Маккада очлик бошланди. Кечагина Расулуллоҳ ﷺни ҳайдаган мушриклар, бугун у зотга ёлвориб хат ёзишди. Раҳмат пайғамбари эса Самомага қамални тўхтатишни буюрдилар. Самома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг биргина ишоралари билан қамални бекор қилди.
Мана, ахлоқ қандай қилиб қалбларни ва дунёни забт этади!
Аллоҳумма солли ва саллим ва барик ала Набиййина Муҳаммад.
