ТАБИАТ ЭМАС, КАЛЛАСИ ҚОВОҚ ЙЎЛСОЗУ ҚОРНИ ҚАППАЙГАН “ОТКАТЧИЛАР” АЙБДОР!

ТАБИАТ ЭМАС, КАЛЛАСИ ҚОВОҚ ЙЎЛСОЗУ ҚОРНИ ҚАППАЙГАН “ОТКАТЧИЛАР” АЙБДОР!

Кейинги йилларда ёғингарчилик орқасидан кўчалару ҳовлиларни, ер ости йўлларию метро станцияларини сув босаётганлигининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Мутасаддилар ва уларнинг “адвокатлари” – матбуот хизмати ходимлари бунга табиатни, “аномал” об-ҳавони айбдор сифатида кўрсатмоқда. Бу эса аслида уларнинг ношудлиги, саводсизлиги оқибати ва ўз манфаатидан бошқа нарсани ўйламаслик натижасидир.
Табиат ўз ишини қилмоқда. Бундан ўн йиллар олдин қандай ёғингарчилик бўларди! Қорни айтмайсизми? Аммо сув ўз йўлини топарди! Чунки ирригация соҳаси яхши ривожланган, ариқлар миробларнинг доимий назорати остида эди. Демак, айримлар “саводсиз” деб атайдиган ота-боболаримиз, “мустабид” давридаги мутахассислар ҳозирги чаласавод йўлсозу ирригаторлардан ўн чандон устун экан-да!
Мисол учун Афросиёб кўчасини олиб кўрайлик. Кўчанинг икки томонида азалдан ариқ бор эди. Ёмғир ва қор сувлари ариқдан бемалол оқиб, Обираҳмат ариғининг тармоғларидан бирига қўшиларди. 2019 йил сентябридан 2020 йил октябригача бу ерда реконструкция ишлари олиб борилди. Ўшанда йўлнинг икки четига 3108 метр лоток ётқизилганлиги айтилган эди.
Дастлаб усти ёпиқ лоток эмас, очиқ ариқча ковланиб, атрофи бетонлаштира бошланди. Аммо кўп ўтмай, ариқча бетонлари қўпориб ташланди ва ўрнига лоток ётқизилди. Ўшанда шундай гап тарқалди: гўёки, қайси бир амалдор хориждан лоток ётқазадиган техника олиб келган экан-у, шуни “ўтказмоқчи” бўлган. Билмадим.
Лоток ичини тозалаш муаммога айланиши нега ҳисобга олинмади? Бу таклифни ўтказган ўша амалдор келиб тозаламайдими? Бошқа жойларни сув босаётганлигининг сабаблари ҳам ишга ана шундай саводсизларча, аҳмоқона ёндашишда! Табиий ариқларни темир қувурларга “жойлаштириш”, йўлни кенгайтирамиз деб ариқлар устини ёпиш, ер ости йўлларини қуришда сувни қаерга йўналтиришни ўйламаслик каби ҳолатлардан ҳаммамиз хабардормиз.
Энди ҳолатни ўнглаш учун кўп вақт ва маблағ талаб қилинади. Аммо бу ишларни бажаришга қодир мутахасислар қаердан топилади?
Тошпўлат Раҳматуллаев
Дўстларингизга ҳам юборинг: