CNN: АҚШ Куба чегаралари яқинида разведка фаолиятини кескин кучайтирди
АҚШ Куба қирғоқлари яқинида разведка парвозлари сонини кескин оширди, деб ёзади CNN авиация маълумотлари таҳлилига таяниб.
«4 февралдан бери АҚШ Ҳарбий-денгиз ва Ҳарбий-ҳаво кучлари учувчисиз ва бошқариладиган самолётлардан фойдаланган ҳолда камида 25 та шундай миссияни амалга оширди. Парвозларнинг аксарияти мамлакатнинг икки йирик шаҳри — Гавана ва Сантьяго-де-Куба яқинида содир бўлган», — дейилади нашр хабарида.
Телеканал маълумотларига кўра, парвозларнинг асосий қисми кузатув ва разведка учун мўлжалланган P-8A Poseidon денгиз патруль самолётлари томонидан бажарилган.
Шунингдек, радиотехник разведкага ихтисослашган RC-135V Rivet Joint самолётларидан ҳам фойдаланилган. Бундан ташқари, бир нечта юқори баландликда ҳаракатланувчи MQ-4C Triton разведка дронлари ҳам жараёнга жалб этилган.
