Гаитида қуролли тўдалар тўқнашуви: 5 мингдан ортиқ одам уй-жойсиз қолди
Гаитида қуролли тўдалар ўртасидаги шиддатли тўқнашувлар оқибатида сўнгги уч кун ичида қарийб 5300 киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлди.
Тўқнашувлар мамлакат пойтахти Порт-о-Пренснинг шимолий ҳудудларида давом этмоқда. Ҳуқуқ фаоли Пьер Фритснелнинг маълум қилишича, жиноий гуруҳлар уйлар, мактаблар ва дўконларни талон-торож қилиб, ёқиб юборган.
Қуролли тўдалар уруши туфайли тиббиёт марказларидан бири ҳамда «Чегара билмас шифокорлар» ташкилоти бошқараётган шифохона фаолияти тўхтатилган.
Гаитида фуқаролик можароси 2021 йилдан буён давом этмоқда. Қуролли тўдалар Порт-о-Пренснинг катта қисми ва мамлакат марказий ҳудудларининг айрим туманларини назоратга олган.
БМТ маълумотларига кўра, 2025 йил март ойидан 2026 йил январгача бўлган даврда мамлакатдаги зўравонликлар оқибатида 5500 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, тахминан 2600 киши эса жароҳат олган.
Умуман олганда, 2021 йилдан бери Гаитидаги жиноий тўдалар фаолияти сабаб 20 мингга яқин ўлим ҳолати қайд этилган.
