Албанияда намойишчилар ва полиция ўртасида тўқнашувлар юз берди, жабрланганлар бор
Албания Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, воқеалар оқибатида камида 11 киши жабрланган, улардан саккиз нафари шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда Tagesschau хабар берди.
Тартибсизликлар бир нечта кўчани қамраб олган. Намойишчилар полиция ходимларига тошлар, пиротехника воситалари ва «Молотов коктейллари»ни улоқтирган. Бунга жавобан ҳуқуқ-тартибот идоралари кўздан ёш оқизувчи газ ва сув пуркагичлардан фойдаланган.
Германиянинг ARD телеканали воқеаларни «жанг майдонини эслатган» ҳолат сифатида тасвирлади. Намойишчилар 29 ноябрь куни ҳам акцияларни давом эттириб, дам олиш кунлари давомида шаҳар маркази ҳаракатини деярли тўлиқ тўхтатишни режалаштирмоқда.
ARD маълумотига кўра, намойишда иштирок этиш учун мамлакатнинг турли ҳудудларидан, ҳатто хориждан ҳам одамлар Тиранага келган. Намойишчиларнинг асосий талабларидан бири — Албания бош вазири Эди Раманинг истеъфога чиқиши.
Албанияда норозилик намойишлари 13 октябрь куни Тиранада бошланган эди. Ўшанда акция иштирокчилари университетларда таълим олиш харажатларининг юқорилиги ва коррупцияга қарши чиққан.
18 октябрь куни Эди Рама истеъфога чиқиш нияти йўқлигини билдириб, намойишлар ортида «ташқи кучлар» турганини айтган. У бу борада Эрон ва Россияни ҳам тилга олган.
