Талабалар энг кўп қайси давлатларда ўқишни танламоқда?
2026 йилнинг биринчи чорагида 5 минг 862 нафар Ўзбекистон фуқароси таълим олиш мақсадида хорижга йўл олди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,2 фоизга камайган.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўзбекистонлик ёшлар орасида энг оммабоп йўналиш Россия бўлиб қолмоқда. Жорий йилнинг дастлабки уч ойида ушбу мамлакатга 1 минг 241 нафар фуқаро ўқиш учун кетган.
Иккинчи ўринда Жанубий Корея қайд этилди. Бу давлатга 1 минг 131 нафар ўзбекистонлик таълим олиш мақсадида борган. Қирғизистон эса 1 минг 59 нафар талаба билан учинчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, Хитойга 424 нафар, Туркияга 423 нафар, Тожикистонга 381 нафар, Буюк Британияга эса 292 нафар фуқаро ўқиш учун сафар қилган. Бошқа давлатларга кетганлар сони 911 нафарни ташкил этган.
Мутахассислар таълим миграциясидаги пасайишни хорижда ўқиш харажатлари ошгани, қабул қоидаларидаги ўзгаришлар ва Ўзбекистонда олий таълим имкониятлари кенгайгани билан боғламоқда.
