Путин ва Си Сзинпин кўп қутбли дунё бўйича декларация имзолайди

Путин ва Си Сзинпин кўп қутбли дунё бўйича декларация имзолайди

Россия президенти Владимир Путин ва Хитой раҳбари Си Сзинпин Пекинда бўлиб ўтадиган учрашув давомида янги халқаро тартиб ва кўп қутбли дунё шаклланишига оид қўшма декларацияни қабул қилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда Россия президентининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди. Унинг айтишича, икки давлат етакчилари учрашувда стратегик шерикликни янада кучайтириш, қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштиришга қаратилган қўшма баёнотни ҳам имзолайди.

Ушаковнинг таъкидлашича, тайёрланаётган ҳужжат кенг қамровли дастурий декларация бўлиб, 47 саҳифадан иборат. Унда Россия ва Хитойнинг халқаро майдондаги ҳамкорлиги, глобал хавфсизлик, янги турдаги давлатлараро муносабатлар ҳамда кўп марказли дунё тартиби ҳақидаги қарашлари акс этиши кутилмоқда.

Мазкур декларация Москва ва Пекин ўртасидаги сиёсий мулоқот тобора фаоллашиб бораётган бир пайтда қабул қилинмоқда. Ҳужжат икки давлатнинг глобал жараёнларга нисбатан умумий ёндашувини намойиш этувчи муҳим сиёсий сигнал сифатида баҳоланмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: