СИНДИРИЛГАН ЭРКАКЛИК: Мактаблардаги «Аёллар салтанати» ва «вой ўлай»чи авлод фожиаси

СИНДИРИЛГАН ЭРКАКЛИК: Мактаблардаги «Аёллар салтанати» ва «вой ўлай»чи авлод фожиаси

Бугун биз ўз қўлимиз билан, ўз уйимиз ва мактабларимизда келажак ватан ҳимоячиларини эмас, «онасининг боласи»ни етиштиряпмиз. Ўғил болаларимизда эрлик хусусияти ўляпти. Огоҳлик қўнғироғини чалиш вақти келди!


18 йиллик «Иссиқхона»: Ўғил бола кимнинг қўлида улғаймоқда?

Теварак-атрофга бир қаранг. Бола туғилганидан бошлаб кимнинг қуршовида бўлади?

  • 7 ёшгача боғчада — аёллар тарбияси.

  • 18 ёшгача мактабда — аёл ўқитувчилар қуршови.

  • Уйда эса — гипер-назоратчи оналар ва бувилар.

Юрт бошига иш тушганда, оғир синов кунларида кўкрагини қалқон қилиши керак бўлган бўлажак эр йигит роппа-роса 18 йил давомида «Аёллар салтанати»да камол топмоқда. Натижада нима бўляпти? Дағаллик йўқ, қўполлик йўқ, қатъият йўқ! Қизлар билан тез тил топишадиган, аммо эркаклар муҳитида ўзини йўқотиб қўядиган «нозик» бир қатлам шаклланмоқда.

Агар мактабларга ЭРКАК ЎҚИТУВЧИЛАРНИ қайтармас эканмиз, мактаб фақат баҳо ва қоидалар макони бўлиб қолаверади, ҳаёт мактабига айланмайди. Бўлажак йигитларга эркаклик характерини, курашувчанликни ва масъулиятни фақат ЭРКАК сингдира олади!


«Идеал бола» тузоғи: Биз кимни тарбиялаяпмиз — генералними ёки қўғирчоқни?

Бугунги ота-оналарнинг энг катта хатоси — ўғил болани ҳаддан ташқари қаттиқ назорат остида ушлашдир:

«Қаердасан? Ким билансан? Дарсингдан қолма! Кўчада юрма! Кўчадан тўғри уйга кел! Гап қайтарма!»

Бу тарбия эмас, бу — эркинликни бўғиш, ўғил болани шахс сифатида синдиришдир. Ҳарбийларда олтинга тенг бир гап бор: «Бир марта бўлса ҳам самоволкага (рухсатсиз ташқарига) чиқмаган аскар, ҳеч қачон генерал бўла олмайди!»

Агар ўғлингизни ҳақиқий раҳбар, «генерал», ўз сўзига эга инсон қилмоқчи бўлсангиз, уни темир панжарада ушламанг. Қўйиб беринг, йиқилсин, тиззаси қора қон бўлсин, муштлашсин, ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрсин. Ўғил бола дегани озгина шўх, исёнкор бўлиши керак. Умрида бир марта бўлса ҳам «самоволка»нинг ҳавосидан нафас олсин! Эркак киши ернинг жигарини суғуриб оладиган шашт билан яшаши шарт!


«Вой ўлай»чилик юқумли хасталикми? (Қадимий ривоятдан хулоса)

Бугун кўча-кўйда сочи узун, калта пайпоқ кийган, озгина қаттиқ гапирса йиғлаб юборадиган, масъулиятдан қочадиган йигитлар кўпайиб бораётгани сир эмас. Бу асло тасодиф эмас, бу — муҳит меваси. Бу ҳақда қадимги бир ривоят жуда катта дарс бўла олади:

Қадимда бир подшоҳ ўтибди. Унинг 7 нафар қизи бўлиб, тилаб-тилаб бир ўғил фарзанд кўрибди. Аммо шаҳзода 7 қизнинг ичида, аёллар қуршовида худди қизлардек нозик, «вой ўлай»чи бўлиб улғайибди.

Подшоҳ хавотирга тушиб, вазирини чақирибди: «Бутун давлатимни шу нозик бандага қандай топшираман? Буни ҳақиқий эр йигит қилишнинг чораси bорми?» — дебди.

Вазир маслаҳат берибди: «Шаҳарнинг энг жин кўчаларидан безори, қароқчи, уришқоқ йигитларни тутиб келайлик. Шаҳзодани бир йил ўшаларнинг ичига ташлайлик, зора улардан эркакликни ўрганса…»

Шоҳ шундай қилибди. Орадан бир йил ўтиб, подшоҳ ўғли ва қароқчиларни ҳузурига чақиртирибди. Шаҳзода ўзгарганмикан деб кутиб турган шоҳ даҳшатга тушибди. Саройга кириб келган ҳалиги ваҳший қароқчилар шоҳнинг ҳайбатидан қўрқиб: «Вой ўлай, шоҳим, бизни кечиринг! Вой ўлмасам…» дея титраб-қақшаб, қизлардек йиғлаб бошлашибди!

Маълум бўлишича, бир йил ичида шаҳзода қароқчилардан мардликни ўрганмабди, аксинча, уларнинг ҳаммасини ўзига қўшиб «вой ўлай»чи қилиб тарбиялаб қўйган экан!


Хулоса ва Ультиматум

Муҳит синдирилган бўлса, энг кучли характер ҳам вақт ўтиб синади. Агар биз бугун фарзандларимиз атрофидаги муҳитни ўзгартирмас эканмиз, эртага Ватанни, оилани, номусни кимга ишониб топширамиз?

  • Оталар, амакилар, тоғалар ва боболар — экрандан кўз узиб, ўғил бола тарбиясини қўлга олинглар! Уларни эркаклар даврасига бошланглар.

  • Давлат ва таълим тизими — эркак ўқитувчиларни мактабга қайтариш учун барча шароит ва имтиёзларни яратиши шарт!

Ўғил болани аёллар оламидан чиқариб, эркаклар мактабига берадиган вақт келди. Акс ҳолда, келажагимиз «вой ўлай»чилардан иборат бўлиб қолади! Хулоса чиқариш эса ўзингиздан.

Эркинжон Ярашев

Дўстларингизга ҳам юборинг: