Харом пуллар!..
Замонавий ривоят
Кунлардан бир кун, эгри йўллар, ҳаром луқма ва бировларнинг ҳаққини ейиш билан тез фурсатда бойиб кетган бир кимса катта, ҳашаматли бир масжид қурдирибди.
Масжид битгач, унга ўз отасининг номини берибди. Киборлик ва мақтанчоқлик шу даражага етибдики, масжиднинг энг кўринарли жойига — киравериш деворига катта, қора мармардан ясалган лавҳа ўрнатиб, унга отасининг исмини тилло ҳарфлар билан ёздириб қўйибди.
Куз кунларининг бирида шу масжид ёнидан ўтиб кетаётган бир донишманд кекса ушбу бинони ва дарвозадаги улкан мармар лавҳани кўриб, узоқ ўйга толибди. Буни кўрган бой донишманднинг олдига керилиб келибди:
— Ҳа, отахон, масжиднинг салобати сизни ҳайратга солдими? Отамнинг хотираси учун ҳеч нарсани аямадим! — дебди мақтаниб.
Донишманд чуқур уҳ тортиб, мармар лавҳага ва бойнинг юзига қараб шундай дебди:
— Эй ўғлим, сен ҳаром ва енгил пул билан масжид қурибсан. Бу бино сенинг саховатинг эмас, балки амалларингни яшириш учун қурилган бир ниқобдир. Аммо тақдирнинг пичингини қараки, сен ўз кибринг билан бу ерга шунчаки бир мармар лавҳа эмас, аслида отанг учун маънавий қабр тошини қўйибсан.
Бой таажжубланиб сўрабди:
— Бу нима деганинг, отахон? Мен отамнинг номини улуғладим-ку!
Донишманд совуқ табассум билан жавоб берибди:
— Йўқ, сен бу нопок пуллар ва кираверишга илдирган лавҳанг билан отангнинг руҳини кўкларга кўтармадинг. Бу мармар сенинг ҳаром бойлигинг қаерга боришини, охиратдаги ҳисоб-китобни ва бу дунёнинг ўткинчи эканини эслатиб турувчи илоҳий бир огоҳлантиришдир. Масжид поклик жойи, у ерга эгри йўл билан келган пул сиғмайди. Сен отангнинг исмини чиқараман деб, аслида ўз қўлинг билан унга тириклик гўрини қазибсан…
Бой бу гаплардан гангиб, қилган ишининг вазнини англаганида эса аллақачон кеч бўлган эди. Одамлар у қурдирган масжидга эмас, масжид дарвозасидаги ўша лавҳага қараб хулоса чиқаришарди.
Инсон ўз қилмишларини ҳар қандай чиройли бино ёки ҳашаматли лавҳалар билан безашга уринмасин, ҳаром луқма барибир ўз асоратини кўрсатади. Кўз-кўз қилиш, риё ва кибр аралашган амал эса эгасини улуғликка эмас, мана шундай маънавий «қабр»га бошлайди. Муҳими — амалнинг ҳажмида эмас, унинг ҳалоллиги ва иҳлосидадир.
Шавкат Ўймовутли
